ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН САОДАТ
Кейинги йилларда Президентимиз раҳнамолигида халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш, ҳар бир фуқаро учун муносиб яшаш шароитини таъминлаш борасида дунёнинг ҳеч бир минтақасида учрамайдиган улуғвор ишлар амалга оширилмоқда.
-Туманимизда ҳам эҳтиёжманд, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, -дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг ўринбосари Ғанишер Жўраев. -Кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга имтиёзли кредит маблағи ажратиш орқали оиланинг иқтисодини ошириш мақсадида 88 та оилага 350 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилиб, ўз бизнесларини бошлаш учун имкон яратилди. 25 нафар оилага чорвачилик йўналишида, 63 нафар оилага имтиёзли кредит ҳисобига турли хил маиший техника жиҳозлари берилди. 111 нафар кам таъминланган оилага 57 миллион сўмлик турли русумдаги маиший техника жиҳозлари топширилди. 10 та оиланинг уй-жойини таъмирлаш учун уларнинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан маблағ ажратилди.
Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида ташкил этилган «Истиқлол берган саодат» деб номланган маданий-маърифий тадбирда қатнашган ҳамюртларимиз кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун чексиз миннатдорчилик билдирдилар.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, туман ҳокими Абдуғани Турдиев, туман прокурори в.б. Воҳиджон Нишонов сўзга чиқдилар. Улар биринчи гуруҳ ногиронлари Насимжон Муҳиддинов (Машад МФЙ), Раънохон Мирзаева (Иттифоқ МФЙ), Акмалжон Боймирзаев (Умид МФЙ)ларга ногиронлик аравачаси, 2017 йил давомида маҳаллада намунали иш ташкил этган Боғ, Даҳиякота, Ўнҳаёт, Олмурут МФЙлари раислари Розияхон Абдуллаева, Латифжон Турсунов, Даминжон Режаббоев, Абдулбоқи Қаюмовларга эсдалик совғалари топширдилар. Шунингдек, Миллий банкнинг Уйчи филиалидан чорвачилик йўналишида 3 йил муддатга 3 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача 4 фоизли имтиёзли кредит олган Жамила Мажидова (Муборак МФЙ), Мукаррамхон Рустамова (Ёркатай МФЙ), Саида Сиддиқова (Шифокор МФЙ), Наргиза Сайназарова (Қаҳрамон МФЙ)ларга сертификатлар тақдим этилди.
Шу куни туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида бўш иш ўринларининг навбатдаги «Меҳнат ярмаркаси» ўтказилди. Дастлабки маълумотларга кўра, шу куни 33 кишига ишлаш учун йўлланма берилди.
Туман маданият бўлими томонидан концерт дастури намойиш этилиб, барчага хушнудлик улашилди.
Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,
туман Кенгаши депутати.

