ШИЖОАТ БАҒИШЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва унда кўтарилган масалалар ҳақиқий тарихий воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу Мурожаатнома нафақат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига, Сенат аъзоларига, вазирлик ходимларига, балки Ўзбекистонда яшайдиган, унинг эртасига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарога бўлди, десак адолатлидир.

Мен Мурожаатномани тинглар эканман, «Икки йил ўзим ҳам қийналаман, сизларни ҳам қийнайман», -деган сўзларидан қаттиқ таъсирландим. Чунки бу қийналишлар Ватан учун, унинг порлоқ келажаги учун, ёш авлод тарбияси учун жонни фидо қилмоқ, керак бўлса, ўздан кечмоқ дегани эмасми? Ахир бизнинг аждодларимиз биз учун, бу ёруғ кунлар учун худди шундай қилишмаганми? Бу ёруғ кунлар ўзидан-ўзи келганми? Биз йиллар давомида ана шу аждодларимизга муносиб бўлиш ҳақида кўп гапирдик…

Муҳтарам Юртбошимиз бугун ана шу гапларининг амалдаги ижросини сўраяптилар.

Мен бир маънавиятчи сифатида Президентимизнинг ёшларнинг китоб ўқиш орқали маънавиятини шакллантиришга, китобга бўлган меҳрларини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайман ва лаббай деб жавоб бераман. Юртбошимиз Мурожаатномада турли ёт ғоя ва таҳдидларга қарши маърифат билан курашишдек улуғвор вазифага алоҳида тўхталдилар.

Бугун Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган эзгу ишлар барчамизга куч бахш этмоқда. Мен бугун ўзимни тўлақонли бахтли аёлман, деб айта оламан. Негаки ишлашга имкон яратилган, аёллари ардоқланган мамлакатда ёниб яшаш, қалб қўрини бериб ишлаш бахти менга насиб этди. Менинг ғайратимни, шижоатимни қўллаб-қувватлайдиган, керак бўлса, муносиб тақдирлайдиган Юртбошим билан бир мақсад йўлида елкама-елка фаолият юритаётганимдан фахрланаман.

Фотимахон ҲУСАНОВА,

33-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.