ИШОНЧЛИ ХАБАР РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 8 январдаги қарори билан фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унга кўра, қасддан содир этиш режалаштирилган ёки амалга оширилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жиноятнинг тўлиқ очилишида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдамлашиш, жиноятни содир этган ёки қидирувда бўлган шахс, унинг жойлашган ўрни ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш сабаблари, уларни келтириб чиқарувчи шароитларни бартараф қилиш бўйича таклифлар, ташаббусларни амалга татбиқ этиш ва бошқа ҳолатларда фуқаролар пул мукофоти билан тақдирланади.

21 январь куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида ушбу Низом мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туманимиз ҳамда қўшни туманлардан ташриф буюрган ИИБ вакиллари, маҳалла ФЙлари посбонлари иштирок этдилар.

Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Раҳматов кириш сўзи билан очди. Шунингдек, йиғилишда Республика ИИВнинг ҲПББ катта инспектори, майор Бекзод Мирзақулов, ЖҚББ ЎМИБ тезкор вакили Ўткир Ҳурбоевлар Низом бўйича тушунча бердилар ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги муҳим вазифаларга тўхталдилар.