СЕВМАЙ БЎЛМАС БУНДАЙ ВАТАННИ
Биз нечун севамиз Ўзбекистонни? Нечун унинг ҳимоясига доим шаймиз? Ҳар бир ватанпарвар фуқаронинг бу саволларга жавоби тайёр бўлмоғи керак.
Менинг жавобим шундай: чунки бу Ватан тупроғига киндик қоним тўкилган. Шу Ватан узра онам алласи таралган, бешигим излари шу заминга чизилган. Отам, онам, аждодларим шу масканда абадий уйқуда. Бу ерда менинг лаҳжамда сўзлашувчи, қоши-кўзи меники каби, қалби орзу-ҳавасларга, эзгуликларга тўлиб-тошган, нияти пок, эътиқоди маҳкам, имони бутун, ҳалол, меҳнатккаш, меҳмондўст, болажон миллатдошларим яшайди. Бу юртда фарзандларим, невараларим туғилган. Бунда мен севган ва мени севган дўст-ёронларим, устозу шогирдларим бор. Ватаним ривоятларга кўра, жаннатнинг бир бўлаги экан. Боғларимизда етилган шифобахш ноз-неъматлардан мен хоҳлаганимча тановул қилишим мумкин бўлгани ҳолда бу неъматлар баъзи юртларда дори ўрнида доналаб истеъмол қилинади. Бу заминда юртдошларимни чақадиган илон, болаларни еб кетадиган бўри йўқ. Даҳшатли довуллару вайронкор офатлар йўқ.
Аллоҳ бизга қадимдан элпарвар, доно, тадбиркор, жасур ҳукмдорларни ато этганки, халқимиз букилмай, тўкилмай, хор-зор бўлмай, асрлар оша яшаб, ўзидан кўпайиб келмоқда.
Хўш, мен шундай Ватанни ташлаб қаерга боришим мумкин? Менинг Ватанимга монанд Ватан қаерда бор?
Бу саволлар жавоби душвор.
Бугунги кунда дунёда қорни нонга тўймайдиган, бошпанаси йўқ, тинчлиги кафолатланмаган, ижтимоий ҳимоя нелигини билмаган, дардига даво топилмас миллионлаб халқлар, ҳукумати олиб бораётган аҳмоқона сиёсат туфайли боши берк кўчага кириб қолган эллар борлигини ҳисобга олсак, фикрларимиз янада ойдинлашади.
ххх
Муҳтарам юртдошим! Она-Ватанни севишимизга сабабларнинг чеки йўқ. Шу ўринда фикрларимизга якун ясасак ҳам бўлар.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон тасодифий мамлакат эмас, балки у кишилик тарихи билан боғлиқ, жаҳон тараққиётида муҳим ўрин тутган, қадимий ва бой маданиятга эга бўлган юрт саналади.
Ўзбекистон бир даврда мустақил бўлган айрим мамлакатлар каби ўзгалардан ёрдам сўраб қўл очмади, аксинча, у ниҳоятда кенг имкониятлар юрти эканлигини, дунёнинг ҳар қандай қудратли давлати билан тенг шерикчилик қилиши мумкинлигини амалда кўрсатмоқда. (Шу ўринда манаман деган давлатларнинг триллионлаб қарзи борлигини, бизнинг эса бир сўм ҳам қарзимиз йўқлигини айтиш жоиз).
Шукроналик ила қайд этишимиз лозимки, Аллоҳ бизким, ўзбекларга сиёсий ва маънан етук, вазиятни ўз вақтида одилона ва оқилона баҳолаб иш кўрувчи, кимлар билан қандай муносабат юритишнинг обдон ҳадисини олган ноёб фазилатли юрт раҳбарларини ато этмоқда.
Бир вақтлар, кўпинча, мухолифларимизга минбар берувчи «Озодлик» радиостанцияси Биринчи Президентимиз И.Каримовни «Халқ маданий ва маънавий меросини тиклаш асосида миллий уйғонишга, миллий ўзлигини англашга жуда катта эътибор бераётган жаҳонда ягона Президент» деб баҳолаган эди.
Айни чоғдаги Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг сиёсий қиёфаси, бошқарувчилик услуби, воқеа-ҳодисаларга ёндашиш усули, муаммоларни ҳал этишдаги журъати ва дадиллиги, жаҳон ижтимоий-сиёсий ҳаракатидаги иштироки, мамлакат ички ҳолатини ва фуқаролар руҳиятини ўта чуқур билиши каби фазилатлари бу инсоннинг миллат бошидаги бахт қуши эканлигини аён этмоқда.
Калом сўнгида буюк адибимиз Ойбекнинг қуйидаги сатрларини эслашни жоиз, деб билдим:
Ватанни сев, тупроғини ўп,
Ҳар қаричи муқаддас бизга.
Қўлидаги ҳатто қуруқ чўп
Жондай яқин юрагимизга.
Ўринбой МЎМИНОВ.

