ОЧИҚ МУЛОҚОТ
Яқинда Бирлашган маданият ва аҳоли дам олиш марказида “Порахўрликка қарши жиноятлар ва уларни содир этганлик учун жавобгарлик асослари” ҳамда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари» мавзуларида очиқ мулоқот тарзида йиғилиш бўлиб ўтди.
Айтиш жоизки, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун, соҳада ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асосдир. Бу қонун давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Барча соҳаларда коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабат қарор топади.
Ушбу очиқ мулоқотда жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси Н.Бобохонова, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Ж.Мамуров, туман маъмурий суди раиси Б.Касимовлар жиноятларнинг таҳлилига эътибор қаратиб, бугунги кунда авж олган порахўрлик, фирибгарликларни бартараф қилиш, бунинг учун аҳолининг ҳуқуқий онгини шакллантириш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хусусида маъруза қилиб, тегишли қонун талабларидан келиб чиқадиган вазифалар бўйича тушунчалар беришди.
Шу куни жиноят ишлари бўйича туман судининг очиқ сайёр суди бўлиб ўтди. Унда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган 9 нафар фуқаронинг иши қайта кўриб чиқилди. Жазони ўташ даврида намунали хулқи билан ўзини кўрсата олган, қилимишидан пушаймонлигини билдириб, кейинги ҳаётида эл-юрт равнақи йўлида ишлашга астойдил киришган ушбу фуқаролар муддатидан олдин жазодан озод қилинди. Суд жараёнида қатнашган туман ИИБ вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органлари мутасаддилари жазодан озод этилган шахсларга давлатимиз, халқимиз томонидан билдирилган ишонч ва эътибордан тўғри хулоса чиқариб, жамиятнинг фаол кишилари қаторида ҳаёт кечиришга чақирдилар.
Мулоқот сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар атрофлича жавоб қайтардилар.
Аброр САБАРАЛИЕВ.

