ҲОРДИҚ ОРТИДАГИ КЎНГИЛСИЗЛИК
-Бемаҳалда санғиш хосиятсиздир, -дейди катталар. Бу гапнинг замирида улкан маъно-мазмун мужассам. Қаҳрамонимиз Қ.Д. ҳам ярим тунда Чортоқ туманидаги «Дискотека» барида дам олишни хуш кўрмаганда, бошига бир олам савдо ёғилмасмиди?
Хуллас, ярим тунда яқин таниши О.Л. билан дам олиб ўтиришганда уларга икки қиз келиб қўшилади. Қаҳрамонимиз бошқарувида автомашина борлигини била туриб, спиртли ичимлик истеъмол қилади. Зиёфатнинг қолган қисмини тума-нимизда давом эттиришга жазм қилган тўртовлон Чортоқдан йўлга тушишади. Қ.Д. бошқарувидаги автомашина манзилига етиб келмай, йўлда аварияга учрайди. Шундагина спиртли ичимлик ичган ҳолда рулга ўтириш тақиқланиши ёдига тушган Қ.Д яқин дўсти Ё.Ш.ни телефон орқали чақириб, вазиятни тушунтиради. Дўстига ёрдам беришни истаган Ё.Ш.: «Автомобилни мен бошқарганман», -дея кўрсатма беради.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари ушбу воқеага барча икир-чикирлари билан тез орада ойдинлик киритишди.
Эндиликда Қ.Д. автомобиль бошқаришда йўл-транспорт қоидаларини қўпол равишда бузгани, Ё.Ш. суриштирув жараёни ҳамда дастлабки терговни чалғитиш учун ёлғон кўрсатма бергани сабабли қонун олдида жавоб беради.
Ҳасанбой МАМУРЖАНОВ,
туман ИИБ ҳузуридаги ТБ бошлиғи, подполковник.

