МАЪНАВИЯТ БУЛОҒИ

Кекса авлод вакиллари фарзандларининг ақл-заковатли ва одобли бўлиш ҳамда тинчлик ва саломатликни сақлашга доимо даъват қилиб келганлар. Чунки болалар тарбияси нуронийларимиз қандай яшаганлигини кўрсатади, демакки, ёшлар улар умрининг мазмунидир. Яхши тарбия давлатнинг ўзаро муносабатларини мустаҳкамлайди, дўст-душман олдида тилимизни узун қилади. Шу маънода тарихимизда муҳим ўрин эгаллаган Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобур сингари буюк шахслар умри, фаолияти ҳозирги ва келажак авлод учун жуда катта аҳамият касб этади, яна кўпдан-кўп давр фарзандларига  ибрат бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Қалбда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларга меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришнинг энг  яхши воситаси китобдир. Айнан китоб туфайли биз улуғ аждодларимизнинг ҳаёт йўли, тарихнинг ибратли сабоқларидан баҳраманд бўламиз.

Китоб асрларни асрларга, замонларни замонларга, ришталарни ришталарга боғловчи воситадир. «Китобсиз уй – қалбсиз танага ўхшайди», -деган буюк донишмандлардан бири.

Инсон умри давомида ўқиш-ўрганиш орқали дунёни билиб ва англаб боради. Билим ва англаш эса асосан, китоблар ёрдамида амалга ошади. Китобга қисқача таъриф бериш, жоиз бўлса, уни маънавият булоғи, дейиш ўринлидир.

Маънавиятни англаш, уни чуқурроқ ўрганиш учун эса, албатта, кўп китоб ўқиш, мутолаа қилиш керак. Мутолаа тафаккурни бойитади, маънавиятни юксалтиради.

Бугунги китобхонликни тарғиб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб муто-лааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги  фармойиши юртдошларимиз учун қувончли воқеа бўлди.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, «Ҳозирги пайтда ҳаммамизнинг олдимизда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди.

Янги ташкил этилган Нуронийлар кутубхонасида бугунги кунда тарихий, бадиий, иқтисодий, сиёсий ва тиббий соҳалардаги мингга яқин қарийб 15 миллион сўмлик адабиётлар мавжуд.

Фахр ва ифтихор билан айтиш жоизки, халқимиз азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга қаттиқ муҳаббат қўйган.

Биз шундай илм-фан ватанининг фарзандлари эканимиздан фахрланишга ҳақли ва ўтган аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлимиз.

Тоҳиржон ИСМАТИЛЛАЕВ,

«Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси.