САРЧАШМАЛАР ЖАМЛАНСА…

Газетамиз таҳририятига йўлим тушган эди, муҳаррир қўлимга бир китобча тутқазди ва: «Бир мазза қилинг, домла», -деди. Китобча туманимиз ижодкорларидан бўлмиш, бугунги кунда нафақат вилоят, балки республика миқёсида танилган ва ижоди тобора такомилга етаётган синглимиз Малика Бойхонованинг «Маънавиятимиз сарчашмалари» номли тўплами экан.

Тўпламни қўлга олишим билан қандайдир хуш туйғу пайдо бўлди. Кўпинча китобларнинг муқоваси ёрқин рангли, жилвадор қилиб безалади, аммо бу китоб ўта рангдор ҳам, жилвакор ҳам эмас. Шундай бўлса-да, унда тасвири туширилган маънавиятимиз, адабиётимиз дарғалари кишига (албатта, адабиёт шайдоларига) ҳузур бахш этади.

Китобчани очишим билан иқтидорли педагог, қадрдоним Комилжон Абдуллаевнинг «Сўз боши»сига кўзим тушди. Китоб ҳақидаги холисона ва таъсирчан фикрлар: «Буни ўқимасангиз бўлмайди», -дегандек бўлади. Шу тариқа китобни кўриб чиқдим ва туманимизда шундай иқтидорли адабиёт билимдони ва фидойиси борлигидан қувондим. Тўпламда ўн беш нафар ўзбек адабиётининг ардоқли намояндаси ҳақидаги шеърлар жамланган. Ҳар бир ижодкорнинг ҳаёти ва ижодига хос бўлган энг муҳим қирралар маҳорат билан ёритилган. Шу билан бирга, шеърларда халқимиз тарихи, эрк ва озодлик учун кураши, ёруғ ва қора кунлари, истиқлол шарофати, буюк келажак моҳирона ифодаланган.

Китобдан жой олган шеърлардаги қуйидаги сатрлар ҳар қандай шеър шайдосининг қалбини ларзага солади:

“Қодирий бобомнинг кўзин зиёси,

Тупроққа қоришди, нур бўлди кафан”.

«Сиздайин йиғлаб туриб, кула олсам қанийди»,

«Ўзбек ўзига бек бўлган замонда

“Ўғри”ни қароқчи  урмагай энди».

«Ишқ ҳам унинг ўзи, ошиқ ҳам ўзи,

Қаҳқаҳаси ҳам шеър, йиғиси ҳам шеър».

«Сиздай зот бўлганми ҳеч бир замонда?!

Шони Андижонда, қабри Афғонда».

Қаламкашнинг дардини қалам тутган билади. Мазкур сатрлар юрагимга муҳрланиб қолди.

Малика Бобур бобомизга бағишланган достонни ҳам қойиллатибди. Унда буюк шоирнинг умри давомидаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар ва руҳий кечинмалари ўта ихчам, таъсирчан, ғоят бадиият ила ифода этилган.

Одатда, сарчашмалар жамланса, дарё бўлади. Дарё эса оби ҳаёт демакдир.

Азиз муштарий! Туманимиз ижодкорининг «Маънавиятимиз сарчашмалари» китобини ўқинг, ундан баҳра олинг, дарёнинг қудратини ҳис этинг.

Малика Бойхонованинг ижодига барака, ишларига омад, мазмунли ва бахтли ҳаёт тилайман.

Ўринбой МЎМИНОВ.