БИЙРОН БОЛАЛАР

Масканимизда 1386 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Таълим рус тилида олиб борилгани боис тил ўрганишга бўлган иштиёқ баланд. Бу борада хорижий тиллар услубий бирлашмаси раҳбари Сайёра Абдуллажонова томонидан олиб борилаётган ишлар ибратли. Ўн нафар инглиз тили фани ўқитувчиси замонавий педагогик ва ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини амалиётда қўлламоқда. Бинобарин, мактаб инглиз тили фани бўйича «Маҳорат мактаби» ҳамдир.

Сайёра Абдуллажонованинг бошланғич синф ўқитувчиси Раъно Сайфиддинова билан 2-«А» синф ўқувчилари иштирокида ўтказган «Алифбе байрами» тадбирида болажонлар тўлиқ инглиз тилида шеър, қўшиқлар айтдилар. Эртак қаҳрамонлари тимсолида саҳна кўринишлари намойиш этилди. Рамиль Ирсманбетов, Ҳумоюн Олимжонов, Азиза Зокирова, Абдулазиз Абдулбоқиев каби бийрон ўқувчиларнинг чиқишлари барчани  мамнун қилди. Тадбирда қатнашган ота-оналар фарзандларининг билимлари ошиб бораётганидан хурсанд бўлдилар.

Ушбу тадбирнинг сермазмун ўтишида ўқувчилар ўртасида китобхонлик тарғиботига алоҳида эътибор қаратилгани, мактабда китоб совға қилиш анъанага кирганлиги эътироф қилинди.

Дилфуза ИСОҚОВА,

6-мактаб директорининг ўринбосари.