ДАРАХТЛАРНИ АСРАЙЛИК
Ўсимлик дунёси ҳаётнинг бирламчи манбаи ҳисобланиб, йилига 380 млрд. тонна органик модда ҳосил қилади, кислород ишлаб чиқаради. Карбонат ангидрид ва зарарли газлардан ҳавони тозалайди. Беҳисоб озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам ундан оламиз. Шунингдек, техника, тиббиёт ва бошқа соҳалар учун ҳам хом ашё ресурси ҳисобланади. Бир туп дарахт йил давомида 3 кишига етадиган кислород ишлаб чиқаради, бир туп манзарали дарахт бўлса 10 та кондиционер ўрнини босади. Бир гектар майдондаги ўсимлик 10 кг. фитоноцид ишлаб чиқаради. Ушбу фитоноцидлар дизентерия, дифтерия, сил ва юқумли касалликларнинг олдини олиб, юрак, қон-томир тизимини мустаҳкамлайди, асаб фаолиятини яхшилайди. Арча, чинор каби умрбоқий дарахтлар минг йилдан зиёд яшайди ва инсонга фойда келтиради. Тол, терак дарахтлари дренаж вазифасини бажариб, ернинг захини тортади. Ўсимлик дунёсининг бебаҳо аҳамияти ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Республикамизда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга давлат миқёсида эътибор берилиши ҳам бежиз эмас. Жумладан, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги қонунлар ва шунга оид қонуности ҳужжатлари шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишда рухсатномалар бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги Низом талабларига асосан ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, дарахт ва буталарни кесишда юридик ва жисмоний шахслар қуйидагиларга эътибор қаратишлари лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддасида: «Дарахт, буталарни кесиш санитария, коммуникация, қурилиш ишла-рини бажариш билан боғлиқ ҳолда маҳаллий ҳокимият ва табиатни муҳофаза қилиш органларининг келишилган қарорига асосан йўл қўйилади», -дейилган. Дарахт ва буталарни кесишда дастлаб маҳаллий ҳокимият органларига мурожаатларни ёзма ёки электрон шаклда йўлланади.
Маҳаллий ҳокимият органлари мурожаатлар асосида дарахт ва буталар ҳолатини ўрганиш учун экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларига юборади. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари мурожаат юзасидан жойига чиқиб, дарахт ва буталар ҳолатини ўрганиб, далолатнома расмийлаштиради ва маҳаллий ҳокимият органларига тегишли қарор қабул қилиш учун келишув хулосасини юборади.
Юқоридаги қонун ва қарор талабларига асосан дарахт ва буталар турли хилдаги касалликлар ва зараркунанда ҳашаротлар билан кучли зарарланган, қуриган, қуриётган, бино ва иншоотларга, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига, фуқароларнинг хавфсизлигига хавф туғдириш эҳтимоли бўлганда, маҳаллий ҳокимият ва экология органларининг келишилган қарори билан дарахт ва буталарни кесишга йўл қўйилади. Бир сўз билан айтганда, дарахтларни ўзбошимчалик билан кесиш қонун йўли билан тақиқланади. Баъзи бир фуқароларимиз бунга амал қилмайдилар. Кейин амалдаги қонунларга асосан жавобгар бўлиб, пушаймон бўлиб юрадилар.
Ўсимлик дунёсини асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида: «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир», -дейилган.
Рустамжон РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги биоинспекциянинг Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари бўйича ҳудудий инспекцияси Наманган оператив гуруҳи давлат инспектори.

