КАТТА ҚИЗИҚИШ БИЛАН

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2018 йил 2 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини туманимиз хотин-қизлари ҳам катта қизиқиш билан кутиб олдилар.

Барнохон МИРЗАМОВА,

туман Кенгаши депутати:

-Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жамият ҳаё-тидаги фаоллигини ошириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила инсти-тутини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди.

2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этиладиган бўлди. Бу, албатта, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда ўзининг ижобий самарасини кўрсатади.

Нозима КАРИМОВА,

туман ФҲДЁ бўлими инспектори:

-Оилавий қадриятлар ва анъаналар йўналишида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш мақсадида Республика «Оила» илмий-амалий маркази негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиши қувонарлидир. Фармонга биноан, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилиши белгиланди. Оила ва хотин-қизлар масалаларида тизимли ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ФҲДЁ органи, «Оила» марказининг туман (шаҳар) бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди. Ўзаро ҳамкорликдаги фаолият оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фаридахон ОТАХАНОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати:

-Фармонда кўзда тутилган яна бир муҳим масалалардан бири бу – оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида «Аёллар маслаҳатхоналари»ни ташкил этиш бўлиб, бу маслаҳатхоналар бевосита жойларда ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёлларга зарур маслаҳатларни беради.

Шунингдек, янги Фармонга мувофиқ, Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга бериш белгиланди ва ёш чегарасининг узайти-рилгани таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт соҳаларида ютуқларга эришган ҳамда илмий изланишлар билан шуғулланаётган олима қизларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Фармонда белгиланган янги тартибга мувофиқ, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари бакалавриатга, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасалари магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилиниши ҳам ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.