ВАҚТНИ ТЕЖАЙДИ, ҚУЛАЙЛИК ЯРАТАДИ
Юртбошимизнинг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу соҳадаги фаолиятнинг тубдан яхшиланишида катта аҳамиятга эга. Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Ушбу тузилма халқимиз ишончини қозонган ва фаолияти самарасини амалда кўрсатган Халқ қабулхоналари негизида яратилгани, айниқса, эътиборлидир.
Инсон ҳар бир қадамида давлат органларига дуч келиши, уларга иши тушиши мумкин. Халқ оғирини енгил қилиш, давлат – фуқаро муносабатларида уларга қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашда Президентимиз томонидан илгари сурилган давлат хизматлари кўрсатишнинг янги концепцияси ниҳоятда аҳамиятлидир. Чунки мазкур концепцияда асосий эътибор навбатда туришларни кескин камайтириш, сансалорликлар олдини олиш, халқнинг давлат идораларидан рози бўлишига қаратилди. Дейлик, кундалик ҳаётда ҳар биримиз рўпара келадиган жараёнлар – никоҳни қайд этиш, фарзанднинг дунёга келиши, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, улар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш, тегишли тўловлар эндиликда Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бу одамларимиз учун ортиқча сарф-харажатларни камайтириш билан бир қаторда, вақтни тежаш имконини ҳам беради.
Айни пайтда Давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда 37 турдаги хизмат кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг 1 апрелидан улар сони 50 тага етиши ҳамда давлат хизматлари юридик шахслар билан бир қаторда, жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилиши йўлга қўйилиши кутилаяпти.
«Наманган тажрибаси» асосида жорий йилнинг 31 январидан Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали жисмоний шахсларга солиқ ҳамда бошқа тўловлардан қарзи йўқлиги (борлиги) ҳақидаги маълумотномани ва солиқ тўловчининг идентификацион рақамини (СТИР) бериш, ер участкаларига, бинолар, иншоотлар ҳамда кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва тегишли гувоҳномалар бериш каби хизматлари белгиланган муддатидан аввал кўрсатилиши амалиётга татбиқ этилди.
Кўриниб турибдики, бугун жойлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг кундалик муаммоларига тезкорлик билан ечим топилмоқда. Бу ҳамюртларимизга беқиёс қулайликлар яратмоқда.
Жасурбек ТУРСУНОВ,
тумандаги 1-сонли давлат нотариал идорасининг нотариус стажёри.

