МАҚСАД – ОДАМЛАР РОЗИ БЎЛСИН

Мамлакатимизда секторлар фаолияти йўлга қўйилгандан буён ислоҳотларнинг қоғозда эмас, оддий одамларга нафи тегадиган тарзда амалга оширилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бугун юртимизда қайси соҳа ва йўналишда бу борада ишлар олиб борилмасин, қандай янгилик, қулайлик, имконияту имтиёзлар жорий қилинмасин, у, аввало, халқимизнинг бахтли яшаши учун йўналтирилмоғи лозим, деган тамойилга риоя этилмоқда. Шу маънода олиб қаралганда, туманимиздаги секторлар фаолиятида ҳам ижобий ишларни кузатишимиз мумкин.

Яқинда туман прокурори ҳудудидаги 2-секторда жойлашган Ёркатай МФЙда йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ҳудуддаги ишсизлар, ногиронлиги бор, кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминланганларнинг муаммоларини туман прокурори в.б. Воҳиджон Нишонов, туман ҳокимининг ўринбосари Санжарбек Ҳамидов ҳамда вилоят ҳокимлигининг ягона буюртмачи инжиниринг компанияси ходимлари, тумандаги 9 та қурилиш ташкилоти раҳбарлари атрофлича ўрганиб чиқдилар. Шу куннинг ўзидаёқ ишчи гуруҳи аъзолари, маҳалла ФЙ раислари билан биргаликда ҳудудда аниқланган кам таъминланган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган хонадонлардан 12 тасига бориб, вилоят ҳокимлигининг ягона буюртмачи инжиниринг компаниясининг озиқ-овқат маҳсулотларини топширдилар.

-Ғамхўрликдан бошим осмонга етди, -дейди Ёркатай маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Обиджон Алимов. -Бунинг учун Юртбошимизга, қолаверса, туманимиз раҳбарларига миннатдорчилик билдираман.

-Бир неча йилдан буён ишсиз эдим, -дейди Файзиобод маҳалласидан фуқаро Маъмуржон Мўминов. -Бугун «Бунёдкор Мубошер» МЧЖ раҳбари Қодиржон Жўраев мени ишга қабул қилди, бундан беҳад хурсандман.

Бу каби ташкилий ишлар тумандаги бошқа секторларда ҳам олиб борилмоқда. Муаммоларга ечим топилмоқда.

Аброр САБАРАЛИЕВ.