ЭНГ ФАОЛ КЕКСА ВА ФАХРИЙЛАР БЕЛЛАШУВИ

6 февраль куни 13-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида туманимиз маҳаллаларидаги энг фаол кекса ва фахрийлар ўртасида «Энг фаол кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи» кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.

Танловдан кўзланган асосий мақсад маҳалла фуқаролар йиғинлари раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари томонидан нуронийлар ва ёшлар билан мулоқотлар ўтказиш, жамғарма олдига қўйилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш ҳамда  ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, Фарғона тажрибаси асосида ёшлар, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдир. Шунингдек, оилаларда аҳиллик, тинчлик, осойишталик, шукроналик билан ҳаёт кечиришни таъминлаш, фахрийларнинг бой ҳаётий тажрибасини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ва ўргатиш, улар онгида Ватанни севиш, кексаларни  ҳурмат қилиш, яхшилик, дўстлик ва садоқат каби олижаноб фазилатларни шакллантиришга асосий эътибор қаратилди.

Танлов якунига кўра, Навоий маҳалла фуқаролар йиғини вакили Салимахон Юнусова 1-, Чўртук маҳалласидан Дарвишали Бошманов 2-, Муборак маҳалласи фаоли Марғуба Хотамова эса 3-ўринларни эгаллашди. Уларга Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раиси в.б. Абдимуталли Нажмиддиновлар  «Ташаккурнома» ҳамда эсдалик совғаларини топширишди.

Ўз мухбиримиз.