ТАРБИЯГА УЙҒУНЛАШГАН ТАЪЛИМ
Кейинги йилларда тумандаги 19-мактабгача таълим муассасаси (МТМ)да бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Буни маскан ходимлари Карима Аҳмедованинг муассасага мудира бўлиб келиши билан боғлашади.
Ҳақиқатан ҳам, Карима опанинг мактабгача таълим соҳасидаги 24 йиллик катта тажрибаси амалиётда яққол кўзга ташланади. 100 нафар кичкинтой тарбияланаётган 5 та гуруҳда таълим-тарбия жараёни юқори даражада ташкил этилган. Болажонларга инглиз, рус тилларини ўргатиш, компьютер сабоқлари, эртак китобларга бўлган меҳрни шакллантириш ҳар бир тарбиячининг назоратида. Жажжиларнинг овқатланиши, дам олишини мунтазам кузатиб бориш учун ҳамшира хонасида 24 хил дори-дармондан иборат биринчи ёрдам, фитобар бурчаги ташкил этилган, бўй ўлчагич, тарози созлаб қўйилган.
Маскан ҳудудидаги экин майдонидан ҳам унумли фойдаланиб, 3 сотих майдонга ташкил қилинган анорзор ва бодомзордан ўтган мавсумда 500 минг сўм даромад олинди.
-Эришаётган натижаларимизда бутун жамоамизнинг баҳоли қудрат ҳиссаси бор, -дейди Карима опа. -Агар ходимлар бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда меҳнат қилса, ҳар қандай маррани эгаллашда қийинчилик туғилмайди.
Муассаса раҳбарининг гапида жон бор. Жамоада меҳнатга муносабати билан бошқаларга ўрнак бўлаётганлар бисёр. Улар орасида хўжалик ишлари мудири Раҳимжон Умаров, тарбиячилар Нодира Аҳмадалиева, Феруза Риззаева хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Ёш авлодни баркамол вояга етказишдек улуғвор вазифага бел боғлаган муассаса жонкуяр жамоасининг келгуси ишларида ҳам ривож тилаймиз.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

