ҚИШДА БАҲОР НАФАСИ

Қишнинг изғиринли кунлари ҳам ортда қолиб, кун сайин баҳор нафаси уфурмоқда. Кўклам яқинлашмоқда. Туман ободонлаштириш бошқармаси жамоаси баҳорга тайёргарлик ишларини аллақачон бошлаб юборган. Буни бошқарма ҳовлисига кирибоқ, иссиқхонадаги қайноқ ҳаётдан ҳам билса бўлади.

-Бугун-эрта редискамиз тайёр бўлади, -дейди бошқарма бошлиғи Султонмаҳмуд  Акралов мамнунлик билан. -Аввало, бундан ишчиларимиз манфаатдор. Улар соғлом юрса, кайфияти чоғ бўлса, ишда ҳам унум бўлади-да.

КЎРИНГ, ЎРГАНИНГ, АМАЛДА ҚЎЛЛАНГ

Ҳамроҳим билан туманимиздаги «Умид ниҳоллари» болалар оромгоҳига йўл олдик. Ёз мавсумидан бошқа пайт қаровсиз ва ҳувиллаб ётган оромгоҳнинг бугун қиёфаси ҳам бошқача. Ҳаммаёқ озода, покиза. Бирор қарич ер бўш қолмаган.

-Ўтган йили оромгоҳнинг бўш ётган экин майдонидан фойдаланиб туришни таклиф қилишди, -дейди Султонмаҳмуд ака. -Ҳар қарич ери тиллога тенг бу жойдан унумли фойдаланилмаётганини кўриб, ачиндим. Имконият кўп. Фақат ишлаш ва изланиш керак. Бошқармамизнинг Ёркатай ҳудуди бўйича йўл бригадири Абдувоҳид Мўминов ер билан «тиллаша»диган йигит. Тезда ишга киришиб кетди. Термос усулида иккита иссиқхона қилдик. Ҳозир 16 туп лимон парваришлаяпмиз. Укроп етиштирдик. 8 сотих жойда саримсоқпиёз, минг тупдан арча, каштан кўчати баравж ривожланяпти. Бир сотих ерда тўрт хил гул кўчати тайёрлаяпмиз. Шантун сабзи уруғидан сепганмиз. Насиб қилса, Наврўз байрамига элимизга туҳфа қиламиз.

Бугун оромгоҳга келган киши ҳавас қилади. Албатта, ниманидир ўрганиб кетади. Замира Дадахонова, Холида Нурматова, Гулнора Раҳимова, Бахтиёр Дадахонов каби фидойи ишчилар ўз тажрибаларини ўргатишдан чарчашмайди.

Муҳаммад АЛИ.