ҲАММАСИ БАҲАМЖИҲАТЛИКДА
15-Муборак сайлов округида Оқтош ва Муборак маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд. Бу округдан Бахтиёр Эгамов халқ депутатлари туман Кенгаши депутати этиб сайланган. Ҳудуддаги коллеж, мактаб, мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пункти фаолияти, маҳалла аҳлининг ўй-ташвиши депутатнинг ҳам эътиборида. Ҳар бир масалани ўрганиш, унинг ечимини топишда фаолларга таянади.
-Бир неча йил қурувчи бўлиб ишлаб, нафақага чиққанман, -дейди етмиш бир ёшни қаршилаган Ҳабибулло ота Мўминов. -Депутатимиз билан бирга кўп масалаларга ечим излаймиз. Маҳалламиз гурунг маркази доимо гавжум. Бу ерга тўпланиб, келгусида қиладиган ишларимизни режалаштирамиз. Жиноятчиликнинг олдини олиш, одоб-ахлоқ, бир-бирига кўмак бериш, ёрдамга муҳтожларга мурувватли бўлиш, маҳалла ҳашари каби масалаларда фикрлашамиз.
Ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларнинг бу соҳадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Ўтган йили фаолиятини бошлаган қушхона аҳолининг узоғини яқин қилди. Тадбиркор Мирзоҳид Хайриев аҳолига намунали хизмат кўрсатиш пайидан бўлмоқда. У битта гўшт дўкони фаолиятини ҳам йўлга қўйган.
Шу кунларда депутат Бахтиёр Эгамов аҳолининг шахсий дала томорқасидан самарали фойдаланиш, ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, тарғибот ишларида фаол қатнашмоқда.

