ҒАЗАЛ МУЛКИНИНГ СУЛТОНИ
Ўзбек адабиётининг фахру ифтихори, миллатимизнинг маънавий ўзлигини оламшумул даражада намоён этган табаррук инсон Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги туманимизда ҳам кенг нишонланмоқда.
1-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Наргиза Жўраева раҳбарлигидаги «Кўҳинур» тўгараги аъзолари, 5-«А», 7-«А», 9-«Б» синфларнинг истеъдодли ўқувчилари иштирокидаги «Навоийдек бобом бор» адабий кечаси унда қатнашганларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Мадина Иброҳимова, Руҳшона Жўрабоева, Маржона Асқарова, Гулсанам Латифжонова, Лочинбек Сабаралиев, Муҳаммадқодир Худойбердиев каби санъатсевар ўқувчилар тадбирнинг энг фаоллари бўлишди.
******
Ҳар йили январь, февраль ойларида бўлиб ўтадиган навоийхонлик тадбирлари ёшларимизни адабиётга, санъатга бўлган меҳр-муҳаббатини янада оширади. Айниқса, 3-«Е» синфида ўтказилган «Биз Навоий меросхўрларимиз» адабий кечаси кўпчиликка манзур бўлди. Унда ўқувчилар буюк мутафаккир бобомизнинг рубоий ва туюқларидан ёд айтиб, «Нон иси» ҳикояси асосида тайёрланган саҳна кўринишини маҳорат билан ижро этдилар.
Адабий кечада ўқувчилардан Азизбек Машраббоев, Мирзоҳид Қамбаралиев, Ойдина Абдумажидовалар фаол иштирок этиб, эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Нодира ШОҚАЛАМОВА,
5-мактаб ўқитувчиси.
Суратда: 1-мактабда ўтказилган тадбирдан лавҳа

