ФАРЗАНДИНГИЗ МАКТАБГА ТАЙЁРМИ?

Фарзанд оиламиз қувончи, келажагимиз давомчиси, нафақат ота-онанинг балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир. Шундай экан, фарзандимиз, энг аввало, муқаддас аталмиш оилада тарбияланади. Бола 70 фоиз маълумотни 5-6 ёшгача даврда оилада олади. Ҳар қандай ота-она учун фарзандининг соғлиги энг асосий жараёндир.

Бола соғлом бўлиши учун вақтида овқатланиши, дам олиши ва шифокор назоратидан ўтиб туриши зарур. Унинг дунёқараши шаклланишида, атроф табиатни идрок қилишида мактабгача таълим муассасасининг алоҳида ўрни бор. Бола мактабгача таълим муассасасида ўз тенгдошлари орасида, турли хил фаолиятларда, машғулотларда дунёқараши шаклланади. Бундай муҳитдаги, оиладаги болани мактабга қабул қилишда ҳеч қандай қийинчилик сезилмайди. Мактабда дарс машғулотлари бошланиши билан бу ўз натижасини кўрсатади. Соғлом болада дарсга қизиқиш тенгдошлари орасида ўзини тутиш, ўқитувчи томонидан берилган маълумотларни қабул қилиш ва унга муносабат билдириш кўпроқ кўзатилади. Демак, боланинг келажагини ўйлаган ҳар бир ота-она, аввало, биринчи навбатда фарзанди учун соғлом муҳитни яратиши зарур.

Бошланғич таълим таълимнинг пойдеворидир. Шундай экан, бошланғич таълимда таълим-тарбия ишларини тўғри йўлга қўйиш ва ташкил этиш талаб этилади.

Олти ёшли болаларни мактабга тайёрлаб, қабул қилинар экан, ҳар бир боланинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғломлигига эътибор берилишини илтимос қилардик. Соғлом бола соғлом фикрлайди. Тўрт йил давомида олинган билим таълим олишга замин яратади.

Азиз ота-оналар, фарзандларимиз олдидаги бурчимизни унутмайлик.

Райҳона АБДУЛЛАЕВА,

36-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.