ТИЛЛОГА ТЕНГ БОЙЛИК

Мамлакатимизда сув манбаларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш масаласига давлат даражасида аҳамият қаратилган. 2003 йилнинг 6 майида Республикамиз МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб «Сув ва сувдан тўғри фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудидан оқиб ўтадиган 8 та дарё – Амударё, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Чирчиқ, Зарафшон, Қорадарё ва Норин ҳамда давлат аҳамиятига молик 11 та ер ости чучук сувлари ҳосил бўладиган ҳудудни ифлосланишдан ҳимоялашга қаратилган ўндан зиёд қарор асосида муҳим чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Буларнинг бари бир мақсадга – қатраси олтинга тенг бўлмиш сувни авайлаш, унга ижобий муносабатни шакллантиришга қаратилганки, ҳар бир фуқаро онгли равишда бу тадбирларнинг асл моҳиятини англаб етмоғи шарт.

Сув беҳуда оқиб ётган жўмракни бураб қўйиш, ўз ҳовлиси, уйи, рўзғори, иш жойида сув исрофгарчилигига йўл қўймасликка одатланиш, атрофдагиларни ҳам шунга чақириш ҳар бир инсоннинг доимий вазифасига айланмоғи лозим. Шундагина сув манбалари муҳофазасига оз бўлса-да, ҳисса қўшган бўламиз.

Фаррух ҚУРБОНОВ,

вилоят сув назорати инспекциясининг 1-тоифали инспектори.