Кексаларни эъзозланг, дўстлар!
Бирларини суйиб деймиз: «Азиз бобожон»,
Бирларига меҳр қўйиб деймиз: «Моможон»,
Барчалари ҳурмат топган Ҳазрати инсон,
Пир, бадавлат кексаларни эъзозланг, дўстлар!
Сиз билмайсиз, улар қандай меҳнат қилганин,
Ёвни янчиб, гумдон айлаб, бағрин тилганин,
Сиз билмайсиз, қачон ухлаб, қачон тинганин,
Соҳиб қудрат кексаларни эъзозланг, дўстлар!
Элу юртим яшнасин, деб тер тўккан улар,
Хатар келса халқ бошига жон тиккан улар,
Ёш қалбларга эзгуликни соз эккан улар,
Аҳли меҳнат кексаларни эъзозланг, дўстлар!
Роҳи ростга бошлайдилар нодон, гумроҳни,
Ҳар қадамда фарқлайдилар савоб-гуноҳни,
Сел бўлгайлар тинглаганда «Дугоҳ», «Сегоҳ»ни,
Малаксурат кексаларни эъзозланг, дўстлар!
Қилган яхши ишлари-чун эл алқагандир,
Аллоҳ ризқу умр бериб ёрлақагандир,
Сўзлашсангиз очиқ кўнгил, ширин сухандир,
Хуш табиат кексаларни эъзозланг, дўстлар!
Ғамга ботса бирор инсон, юпанч эрурлар,
Ворислари – ёш авлодга суянч эрурлар,
Истиқлолнинг парвозига таянч эрурлар,
Ул ғанимат кексаларни эъзозланг, дўстлар!
Ўринбой МЎМИНОВ,
меҳнат фахрийси.

