ИШСИЗЛАР ИШЛИ БЎЛДИ

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнида аҳоли бандлиги муҳим омил саналади. Шу боис жойларда янги иш ўринлари яратишга мунтазам равишда эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча Уйчи спорт коллежи ҳамда 29-мактабда корхона, ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринларининг навбатдаги «Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилди.

Туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда асосий эътибор ишсизлар ҳамда коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар беришга қаратилди.

-Мазкур ярмаркада 70 та ташкилот, корхона, муассаса 800 дан ортиқ бўш иш ўрни билан қатнашди, -дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Жаҳонгир Мадраҳимов. -Тадбир давомида 50 киши иш билан таъминланди, 80 нафар ишсизга эса йўлланмалар берилди.

-Юртимизда олиб борилаётган бундай кучли ижтимоий муҳофаза сиёсати аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади, -дейди туман мактабгача таълим бўлими кадрлар бўйича инспектори Жасурбек Акбаров. -Мазкур ярмаркада 10 та бўш иш ўрни билан қатнашиб, 7, 16, 33, 36, 39-МТМларга соҳаси бўйича 5 кишини ишга олдик.

-Етти йилдан буён ишсиз эдим, -дейди Қашқар маҳалласида яшовчи Камола Ҳайдарова. -Мазкур ярмаркага келиб, хато қилмаган эканман. Мутахассислигим бўйича туман тиббиёт бирлашмасига ишга қабул қилиндим, бундан беҳад хурсандман.

Аброр САБАРАЛИЕВ.