РЕСПУБЛИКА ОЧИҚ ТУРНИРИ
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида адлия ходими Толибжон Маҳкамов хотирасига бағишлаб туманимизда эркин кураш спорт тури бўйича республика очиқ турнири бўлиб ўтди.
1-болалар-ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган турнир ғоятда кўтаринки руҳда уюш-тирилди.
Турнирнинг очилиш маросимида сўз олган вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Нозимжон Мамажонов, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» Сотиболди Насриддиновлар беллашувларда спортчи ёшларга омад тилашди.
Туман ҳокимлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, давлат муассасалари касаба уюшмаси туман кенгаши, БСРЖ вилоят филиали ҳамкорлигидаги мазкур турнирда 2003-2005 йилларда туғилган ўсмирлар 20 кг.дан 85 кг.гача бўлган вазн тоифаларида беллашдилар. Республикамиз вилоятларидан, Қирғизистон Республикасидан жами 26 та жамоа иштирок этди.
Умумжамоа ҳисобида наманганликлар биринчи, андижонликлар иккинчи, қирғизистонлик спортчилар учинчи ўринларни банд қилишди. Якунга кўра, ғолиб ва фаол иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди.
Марҳабат БАҲРОМОВА,
1-БЎСМ услубчиси.

