ТУГАНМАС ХАЗИНА
Китоб – боқий мўъжиза. Ана шу мўъжиза мутолааси туфайли инсон дунёга келиши-ю кетишидан мурод нелигини англайди. Донолар таъкидлаганидек, мамлакатнинг куч-қудрати унинг аҳоли сони билан эмас, балки китобхонлиги, халқининг маънавият даражаси билан ўлчанади. Китоб шундай мўъжиза, ўзига хос битмас-туганмас билим манбаи, оҳанрабодай сеҳрли кучга эгаки, уни меҳр билан қўлга олиб мутолаа қилмасдан туриб, қалбингизга бир олам илм кириб келаётганини ҳис қила олмайсиз. Бунинг учун китобни севиш, ардоқлаш, унга чинакам меҳр қўйиш керак.
Юртбошимизнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мактабимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мактаб кутубхонаси ва синф хоналари барча турдаги илмий, бадиий китоблар билан бойитилди. Унга ўқувчиларнинг аъзолиги, китоб мутолаасига бўлган эътиборлари кучайтирилди. Шундан таъсирланиб, ўзим раҳбарлик қилаётган синф ўқувчилари ўртасида буюк файласуф В.Гюго айтганидек «Китоблар жонсиз, аммо содиқ дўстлар!» эканлигини, китоб қоронғу йўлларимизни ёритувчи машъалалигини тушунтириб бораман. Ўқувчиларнинг бўш вақтларида, синфдан ташқари ўқиш дарсларида улар ўқиган ҳикоя, шеър, эртакларини биргаликда таҳлил қиламиз.
Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид ўз шеърида айтганидек:
Кимлар қолар изингизда?
Тик қаролмай юзингизга,
Аввал ўғил-қизингизга
Биттагина китоб олинг.
Худо хайрингизни берсин,
Яна умрингизни берсин,
Уйингизга офтоб олинг,
Биттагина китоб олинг.
Ҳамида ЎРИНБОЕВА,
13-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

