АЛЛА АЙТСИН ОНАЛАР

Ҳеч бир аёл йўқки, фарзанд кўргач, алла айтмаган бўлса. Биз, ўзбекларнинг барча момолари, келинлари учун фарзанддан азиз нарса йўқ бу оламда. Фарзанд учун эса онасидан азизроқ меҳрибон зот йўқ. Демак, она алласидан, унинг оҳангидан-да ёқимли куй-қўшиқ ҳам бўлиши мумкин эмас.

Келинг, ҳаммамизга таниш манзарани кўз олдимизга келтирайлик, бешикни тебратаётган аёл алла айтмоқда. Бундан-да гўзал манзарани ҳеч қайси давлатда, ҳеч қайси миллатда учратмайсан киши. Онанинг қўшиғидан бутун олам чайқалиб айланаётгандек. Бу кўриниш халқимизнинг ўзига хос хислати, фарзандларимизга берадиган биринчи маънавияти бўлади. Болаларимизнинг руҳиятига, кўнглига қандай ниятларни сололсак, уларнинг камолоти шунга қараб бўй кўрсатади. Алла, аввало, гўдакнинг борлиғига маънавий озуқа сифатида сингади. Бу тарбияни бизнинг авлод-аждодларимиз энг самарали усуллардан, деб ҳисоблаб келишган. Маънавий озуқадан баҳраманд бўлишнинг бош бўғини алла билан боғлиқдир. Алла эшитмай тарбия топиш, улғайиш, тафаккурни бойитишда кемтиклик мавжуд бўлади.

Бугунги кундаги ёш оналарнинг неча фоизи гўдакларига алла айтади. Аниқроғи, улар алла айтишни билишадими? Она бўлгандан кейин, албатта, алла айтади-да, аллани билмаган аёл аёлми, дейишга бироз иккиланамиз.

Давр ўзгариши мумкин, лекин алланинг оҳанги, унинг сеҳри бир хилда қолаверади. Оналар ҳамма замонларда ҳам она бўлиб қолаверадилар. Ҳар битта фарзанд дунёга келдими, билингки, янги алла пайдо бўлди. Ҳар бир гўдакнинг ўз онаси томонидан унга аталган алласи бўлади. Келинларимизнинг барчаси ўз фарзандларига алла айтишади, деб умид қиламиз.

Назокатхон АБДУЛЛАЕВА,

44-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.