ҚИМОРХОНАГА АЙЛАНГАН ХОНАДОН

Хонадон – муқаддас қўрғон. Унда жуфти ҳалолинг истиқомат қилади, зурриётларинг камолга етади. Шу боис уни нопок кимсалар қадамидан  сақлаш, ҳатто ёмон нигоҳдан асраш қадимдан урф бўлиб келган. Оила Ватан ичра Ватан, дея таъриф берилганиям шундан. Демакки, уни пок ва беғубор сақлаш, энг аввало, ана шу хонадон соҳибининг зиммасидаги вазифадир.

Ҳамюртимиз Н.А. мана шу ҳақиқатни тушуниб  етганда эди, уйига бир тўда ҳамтовоқларни тўпламас, жирканч қимор ўйини учун шароит яратиб бермасди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ташкил қилинган  махсус рейд давомида Н.А. хонадонидаги бир гуруҳ қиморбоз ўйинни авж палласига чиқарган пайтда ушланди. Ҳодиса содир бўлган куни Н.А.нинг хонадонидаги қимор даврасидан 1 млн. 177 минг 300 сўм пул, 6 дона стакан, 8 дона ошиқ, улуш сифатидаги пуллар сақланиши учун мўлжалланган бир дона қути ва жараён видеотасмаси туширилган  бир дона ДВД диск ашёвий далил сифатида олинди.

Шундай қилиб, фуқаро Н.А. қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиб, унга шароит яратиб берганлиги билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  тегишли моддаларига асосан айбдор деб топилди ва эндиликда қонун олдида жавоб беради.

Илёсхон ХЎЖАНОВ,

туман  ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси, катта лейтенант.