БЕФАРҚ ҚАРАМАЙЛИК
Инсон ҳаётида оила муҳим аҳамиятга эга. Бахтли-саодатли умр кечириш, осойишта турмуш тарзи, шубҳасиз, оила мустаҳкамлигига боғлиқ. Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир. Шу фикрнинг ўзиёқ оиланинг қадр-қиммати нақадар юксаклигидан далолат беради.
Мактабимизда ўқувчиларнинг билимли, ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун устоз ва мураббийлар доимо изланишда.
Глобаллашув жараёнида ёшларнинг онгини эгаллашга қаратилган хуружлардан ҳимоялаш, ҳар бирининг руҳий оламида мустаҳкам маънавиятни шакллантириш, миллий ва маънавий қадриятларимизга таянган ҳолда мафкуравий иммунитет, ахборот истеъмоли маданиятини таркиб топтириш тобора муҳим ва долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Энг аввало, шуни ёдда тутишимиз лозимки, мафкуравий бўшлиқни бир марталик давра суҳбати, учрашув ёки тадбир билан дарҳол тўлдириб бўлмайди. Бу босқичма-босқич кенг жамоатчилик иштироки билан амалга ошириладиган иш бўлиб, бундан бирорта давлат ҳокимияти органлари, кенг жамоатчилик вакиллари четда қолмасликлари лозим.
Ўқувчиларнинг одоб-ахлоқи, маънавий дунёқараши, тафаккур олами, оилавий аҳволига алоҳида эътибор бугуннинг фидойи, жонкуяр устоз ва мураббийларига яна бир бор масъулият юкини ташлайди. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, фарзанди таълим-тарбияси, келажагига бефарқ қарайдиган айрим ота ва оналар ҳам учраб туради. Уларнинг лоқайдлиги оқибатида фарзандлари давомати пасайиб, одоб-ахлоқида салбий ҳолатлар кузатилади. Шу боис, носоғлом оила фарзандлари билан алоҳида иш олиб борамиз. Ўқувчида кузатилаётган камчилик ва нуқсонларни бартараф этишда синф раҳбарлари билан биргаликда ҳаракат қиламиз.
Юқори синфда ўқийдиган ўқувчи қизимиз тез-тез дарс қолдирадиган одат чиқарди. Унинг оилавий аҳволини ўргандик, ота ва она ўртасидаги жанжал, носоғсом муҳит таъсири қизни руҳан эзган. Маҳалла оқсоқоли, профилактик инспектор билан биргаликда онанинг фарзанди олдидаги бурч ва вазифалари уқтирилди. Ўрганиш натижасида ўқувчи қиз ўзини ўнглаб олди.
Ўқувчи, бола фавқулодда истеъдод эгаси. Уларнинг ўз билими ва кўникмасини намоён этишида нималардир тўсқинлик қилади. Асосан, нотинч оилада ўсаётган ўсмирларда худди шундай ҳолатни кузатамиз. Оиласи нотинч бўлгани учун боланинг истеъдоди бўғилади. Биз, устозлар бундай ўсмирларга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Шундагина кўзлаган мақсадимизга эришамиз.
Манзурахон ТУРДИҚУЛОВА,
25-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

