ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январдаги «Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Респуб-ликасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 456-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Уларнинг айримларига тўхталадиган бўлсак, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан хусусий мулкчиликка ҳамда тадбиркорларнинг фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларни хусусий мулк объектлари билан таъминлаш, давлат тасарруфидаги ерларни хусусий секторларга бериш, фойдаланилмай ётган объектлардан оқилона фойдаланиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда ҳамда ушбу бўйича кўплаб қонунлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Ана шундай пайтда ўзгалар мулкини талон-торож қилиш ёки шу билан боғлиқ ҳуқуқбузилишларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг МЖТК қуйидаги мазмундаги 61-2-модда билан тўлдирилди: «Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш. Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, оз миқдорни ташкил этса энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш кўп бўлмаган миқдорни ташкил этса энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».
Атрофга назар соладиган бўлсак, жамиятга онгли мавжудот сифатида инсонлар фаоллиги ва фаолияти кузатилади. Лекин айрим кимсалар борки, била туриб формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар кийиб юриш ҳолларини жамиятимизда кўп кузатиладиган ҳолат сифатида кўриш мумкин.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қуйидаги мазмундаги 209-1-модда билан тўлдирилди: «Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходим-ларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш.
Формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш формали кийим-бошни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Алимардон ҲАКИМОВ,
тумандаги 2-сонли давлат нотариал идорасининг стажёр нотариуси.

