ТИНГЛОВЧИЛАР УЧУН ОНЛАЙН ТЕСТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифлари давомида таълим тизимига оид берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг метод кунларида уларга мунтазам равишда амалий-методик ёрдам кўрсатиб бориш, педагогик маҳоратини ва касбий малакасини ошириш, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини дарс жараёнларига татбиқ этиш, тумандаги умумтаълим мактабларида аниқ, табиий, гуманитар ва филология фанлари ўқитувчилари учун доимий ҳаракатдаги ўқув семинарлар ўтказиб боришни ташкил этиш белгиланди. Бунга кўра, Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 6 январдаги 6-сонли ҳамда вилоят халқ таълими бошқармасининг 2018 йил  8 январдаги 8-сонли буйруқларига асосан моддий-техника базаси мустаҳкам, техник воситалар билан тўлиқ таъминланган тумандаги 22 та умумтаълим мактабида 4 та фан йўналиши бўйича «Аниқ фанлар» (математика, информатика), «Табиий фанлар» (физика, кимё, биология), «Гуманитар фанлар» (тарих, география) ва “Филология фанлари” (она тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёти)дан таянч мактаблари ташкил этилди. Таянч мактабларида фанлардан яратилаётган илғор иш тажрибалари, янги педагогик технологиялар, жумладан, кейинги ўқув йилларида фанлардан яратиладиган дарсликлар, ўқув методик адабиётларни таянч мактабларда тажриба-синовдан ўтказиш, намунали фаолият кўрсатаётган таянч мактабларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириб бориш ва амалдаги қонунчилик талаблари асосида рағбатлантиришни ташкил этиш бўйича иш олиб борилади.

Таянч мактаблардаги ўқув машғулотлари жадвали, доимий фаолият кўрсатувчи тренер-ўқитувчилар ва уларга ташкилий-методик жиҳатдан раҳбарлик қилувчи фан методистлари туман халқ таълими бўлимининг буйруғи билан бириктирилди. Ҳар бир мактабнинг кириш қисмида таянч мактабларда олиб бориладиган ўқувларни акс эттирувчи маълумотлар пешлавҳалари ташкил қилинди.

Мазкур ҳаракатдаги ўқув машғулотларида аниқ, табиий, гуманитар ва филология фанлари йўналишларида 1076 нафар фан ўқитувчиси иштирок этиб келмоқда. Таянч мактаблар базасида ҳар ойда икки марта педагогларнинг метод кунларида тегишли фанлардан ҳаракатдаги семинарлар ўтказилиб, ўқитувчиларга доимий равишда касбий маҳоратларини узлуксиз ошириб бориш бўйича амалий-методик ёрдам кўрсатилмоқда. Ўқув семинарларни тумандаги илғор тажрибали, янги педагогик технологияларни амалиётда қўллай оладиган ижодкор тренер ўқитувчилар ўтказмоқдалар.

Ўқувлар якунида Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази Республика таълим маркази томонидан тузилган назорат синов материаллари асосида ўқитувчилар май ойида онлайн тест синовларини топширадилар.

Ўқитувчилар касбий тайёргарлиги 100 баллик тизим бўйича баҳоланади ва 70 баллдан юқори кўрсаткичга эришган тингловчилар мазкур курсни тугатган деб ҳисобланади. Синов натижаларига кўра, ўқитувчилар рейтинги аниқланади.

Шуҳратжон МУРОДОВ,

туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари.