ҚАРИНДОШГА ҚУДА БЎЛСА…
Бугунги кунда яқин қариндошлар ўртасида никоҳ қуриш ҳолатлари ўтган даврга нисбатан камаяётганлигига қарамасдан фуқароларимиз томонидан ҳанузгача кўп берилаётган ҳаётий саволлардан бири бўлиб қолмоқда.
Никоҳ тузишга оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари» тўғрисидаги йўриқнома, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Никоҳни расмийлаштирувчи ягона идора бу фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларидир. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига мувофиқ қариндошликнинг икки кўриниши, яъни тўғри ва ён шажара бўйича қариндошлик мавжуд. Бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан – иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан – учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.
Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука, опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари, уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади. Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.
Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг – учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса – тўртинчи даражасида турадилар.
Шифокорларнинг далолат беришларича, яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳдан дунёга келган фарзандларда ирсий касалликлар нисбатан кўп учрайди. Кўп ҳолатларда чақалоқ жисмоний ногирон, жисмонан соғлом бўлса, ақли ноқис туғилиши мумкин. Шундай ҳолат рўй берганда, оилаларнинг мустаҳкамлигига дарз кетиши, ажрим ортидан эса яқин қариндошлар юзкўрмас бўлиб қолиши кузатилади.
Маслаҳатимиз яқин қариндошингизга қуда бўлманг, ҳам фарзандингизни бахтсиз қиласиз, ҳам яқин қариндошингиздан айриласиз.
Нигора ДОСБАЕВА,
туман ФҲДЁ бўлими инспектори.

