ТАРҒИБОТГА ЭЪТИБОР КУЧАЙТИРИЛДИ

Шу кунларда вилоятимизда «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги» бўлиб ўтмоқда. Туманимиздаги бир қатор ташкилотларда, таълим муассасаларида тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Яқинда вилоят ИИБ ЙҲХБ 2-ТРИБ катта инспектори Ғиёсиддин Худойназаров иштирокида туман ўқув спорт техника клубида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ўқувчиларнинг билим савиясини ошириш ва уларнинг давоматини ўрганиш мақсадида профилактика ҳамда тарғибот ишлари олиб борилди. Бунда барча ўқув гуруҳларидан келган ўқувчилар ҳамда кундузги ўқув гуруҳи ўқувчиларига йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, техникалардан фойдаланиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш хусусида тушунчалар берилди.

Тарғибот ва ўрганиш жараёнида ўқувчиларнинг билим даражаси, давомати, шунингдек, устозларнинг йўл варақалари, машғулот китобчалари ва бошқа ҳужжатлари кўриб чиқилди. Ўқувчиларга вилоятда, туманда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари, уларнинг оқибатлари, келиб чиқиш сабаблари тушунтирилди, ҳайдовчиларнинг вазифалари ҳақида кенг тўхталиб ўтилди.

Туман ИИБ ЙҲХГ бошлиғи, капитан М.Қосимов билан бўлган давра суҳбатида ҳаракат хавфсизлиги ойлигида ҳамкорликдаги фаолият, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва уларнинг сонини камайтириш тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, автомобилни амалий бошқаришни ўргатувчи усталарга бириктирилган автомобиллар бирма бир назоратдан ўтказилди.

Элмурод КОМИЛОВ,

вилоят ИИБ ЙҲХБ 2-ТРИБ бошлиғи, катта лейтенант.