СИЗЛАР-ЛА ОЛАМГА НУР СОЧАР ҚУЁШ
Бу ёруғ оламнинг барча гўзаллиги аёл исми-ю жисми билан боғлиқ. Аёл бу муҳаббат, садоқат, назокат, латофат рамзи. Аёл шундай куч-қудрат соҳиби-ки, бир уринишда бутун дунёни остин-устун қилиб юборишга қодир, шу билан бирга, шу қадар нозик хилқатки, у доимо ишончли тиргакка муҳтож. Унинг ташқи олами қанчалар очиқ-ошкора бўлмасин, ички дунёси барибир, сир-синоатга тўлалигича қолаверади.
Бугун жамиятимизнинг барча соҳаларида эришаётган ютуқларимизда эркаклар билан елкама-елка туриб, машаққат, заҳмат чекаётган хотин-қизларимизнинг муносиб улушини эътироф этмай иложимиз йўқ. Туманимиз хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-маданий, маънавий-маърифий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиши, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунда, айниқса, ҳукуматимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Эътиборлиси, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали ижросини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг роли ва фаоллигини ошириш бўйича ишларда 56 та МФЙ, 8 та касб-ҳунар коллежи, 44 та мактаб, 200 дан ортиқ ташкилотда фаолият олиб бораётган хотин-қиз қамраб олинган.
Аҳолининг ижтимоий муҳитини хонадонма хонадон юриб, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаб, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилди. Аниқланган 56 нафар хотин-қизнинг турмуш шароити яхшиланди: яшаш хонадонлари таъмирланди, моддий ёрдамлар кўрсатилди, даволаш-профилактик ишлар амалга оширилди.
Бундан ташқари, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, қишлоқ аёлларини оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Шунингдек, аёлларимизнинг сиҳат-саломатлиги, уларнинг соғлом турмуш тарзига риоя этишлари масаласи ҳам асосий эътиборимизда. Маҳалла ФЙлари ва ҳудуд ҚОПлари ҳамкорлигида ташкиллаштирилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикка 27945 нафар аёл қамраб олинди. Турли касалликлар аниқланган 8131 нафари соғломлаштириш ишларига йўналтирилди. 7613 нафар хотин-қизни қамраб олган «Аёллар спорт фестивали» ўтказилди. Мунтазам спорт билан шуғулланувчи аёллар сони тобора ортиб бораётганлиги, бугунги кунда улар сони 4200 нафардан ортиқ экани қувонарлидир.
Юқоридаги ишларнинг самарали олиб борилишида фидойи меҳнатлари билан атрофдагиларга ўрнак бўлаётганлар меҳнатини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Улардан Раънохон Қориева, Зулхумор Исоқжонова, Эътиборхон Ўролова, Муножат Ҳамидова, Марғуба Абдураҳмоноваларни эътироф этмоқчиман.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳусну латофат тимсоллари, эзгулик фаришталари бўлмиш муҳтарама онахонларимиз, меҳри уммон опа-сингилларимизни Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан самимий табриклайман. Оилавий бахт, сиҳат-саломатлик, тинчлик-тотувлик хонадонингизни асло тарк этмасин.
Нафисахон МАМАСОЛИЕВА,
туман ҳокимининг ўринбосари, вилоят Кенгаши депутати.

