ТАКЛИФИМ БОР
Қадимий ва навқирон юртимга яна баҳор – фасллар келинчаги ўз сепини ёймоқда. Қиш рутубатидан зада бўлган кўнгиллар меҳр тафти, ҳаёт завқига тўлишмоқда. Шундай фарахбахш кунларда ҳар бир пок ниятли юртдошимиз қатори мен ҳам фаровон, тинч, осуда ҳаётимизга шукроналар айтиш билан бу кунлар ўз-ўзидан келмаганлиги, халқимиз бундай кунлар орзусида не-не оғир даврларни бошидан кечирганлигини хаёлдан ўтказдим. Айниқса, илк баҳорий байрамимиз 8 март айёми арафасида туманимизда яшаб, оғир ва машаққатли йилларда, мустабид тузумнинг тушунарсиз сиёсати остида метиндай матонат кўрсатиб, эл-халқнинг яхши кунларга етиши орзусида заҳматли меҳнат қилган онахонларимиз ҳақида ўйладим, билганимча уларни бир-бир кўз олдимга келтирдим.
Урушдан кейинги оғир йилларда колхозга раислик қилган Саломатхон Мамадалиева, туман пиллачилиги ривожига катта улуш қўшган Назирахон Ҳамроқулова, Меҳнат Қаҳрамони, пахтани ва ерни бир умр «сиз»лаб яшаган бригадир Шарофатхон Дадабоева, минглаб кўзларга нур бағишлаган Халқ врачи Назирахон Жуманова каби юрт фидойиларини катта ёшдагилар билса-да, бугунги ёш авлод яхши билмайди. Менинг таклифим шуки, туман ҳокимлиги томонидан шу масалада мутасадди ташкилотларга ана шундай элпарвар инсонлар тўғрисида материал тўплаб, тизимга солиб, таълим муассасаларига тақдим этишлари тўғрисида кўрсатма берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу бир томондан, мактабларда ибрат тарбиясини сингдиришга ёрдам берса, иккинчи томондан, жонажон туманимизнинг 85 йиллик тарихини тарғибот қилишга ғоят қўл келарди.
Ҳамида МАНСУРОВА,
23-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

