ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ – АСОСИЙ ВАЗИФА

Юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнлари изчил давом этмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, давлат ҳокимияти ва бошқарувини эркинлаштириш, мамлакат тараққиётининг энг муҳим масалаларини ҳал этишда парламентнинг ўрни, аҳамияти ҳамда таъсир кучини янада ошириш, ҳуқуқий соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш билан боғлиқ ҳаётий муҳим масалаларга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинганини таъкидлаш лозим.
Айни чоғда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар киритилиши зарурати хусусида тўхталадиган бўлсак, 1993 йил 6 майда қабул қилинган Қонун бозор иқтисодиётининг бугунги замонавий талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштиришни талаб этар эди. Шу боис, Қонуннинг аввалги матни ҳозирги даврда юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, мамлакатда меҳнат қонунчилиги ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган илғор чора-тадбирларга мос келмас эди.
Табиийки, эндиликда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва меъёрий актлар талабларига мувофиқлаштириш имконига эгамиз. Бу Қонун ташкилотларда иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини ошириш, шу жумладан, ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳолатларини яшириш ёки ўз вақтида текширилишини ўтказмаслик, меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ижросини назорат қилувчи давлат органининг кўрсатмаларини белгиланган муддатларда бажармаслик ҳолатларига чек қўйиш ҳуқуқини беради. Шу билан бирга, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларнинг молиявий таъминотини кучайтириш имкони ортди.
Ўтган йили «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам кўпгина омиллар билан боғлиқдир. Авваламбор, бу фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, давлат ҳокимияти ҳамда бошқарувини янада демократлаштириш зарурати билан белгиланади.
Мазкур Қонунда ички ишлар органларининг асосий вазифаси сифатида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулки, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборатлиги аниқ белгилаб қўйилди.
Бу каби муҳим қонун ҳужжатларининг ўз вақтида ва сифатли қабул қилинаётгани, албатта, истиқлолнинг илк кунлариданоқ Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига хизмат қиладиган мустақил тараққиёт йўли белгилаб олингани, бу жараёнда инсон манфаатларига хизмат қиладиган қонун ижодкорлиги билан шуғулланадиган демократик миллий парламент шакллантирилгани самараларидир. Ҳозирги вақтда ҳар иккала палатанинг фаолияти тобора такомиллашиб, давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамияти тобора юксалиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида келгусида олдимизда турган устувор вазифаларни аниқ белгилаб берди. Айниқса, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш, «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг амалдаги ижросини барча соҳаларда мониторинг қилиш, бу борада хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш каби масалалар парламентнинг ҳар икки палатасидан ўз фаолиятини танқидий кўриб чиқишни талаб этади. Шу боис юртимизда 2017 йил – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилингани ҳар томонлама муҳим аҳамиятга эга.
Акмал РАҲМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзМТДП фракцияси аъзоси.