ДАБДАБАБОЗЛИК КИМГА КЕРАК?

Жамиятни тараққий эттиришнинг йўллари жуда кўп, улардан бири, аниқроғи, энг асосийларидан саналадигани аҳоли онгига, ҳаётига мустаҳкам ўрнашиб олган турли зарарли унсурлардан фориғ бўлишдир. Кўпчилик бир неча ўн йиллардан бери курашиб келинаётган, дея таъриф бераётган, аслида эса асрлар давомида авж олиб бораётган тўй ва маъракалардаги ортиқча дабдабабозлик, ҳақиқатдан ҳам, миллатимиз, халқимиз менталитетига хос бўлмаган хусусиятлардандир.

Юқоридаги муаммони бартараф этиш, жамиятимизни бундай кўнгилсизликлардан тозалашда “Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Нуроний» жамғармаси фаолларининг Мурожаати» муҳим аҳамиятга эгадир.

Мурожаатда баён этилган фактлар бир неча йиллик кузатишлар ва таҳлиллар натижасида юзага келганлиги яққол сезилиб турибди. Энг муҳими, юртнинг эртанги истиқболи учун жон койитувчи инсон борки, ушбу Мурожаатни қалбида изтироб, куюнишсиз ўқий олмайди, албатта. Унда баён этилган ушбу сўзларга бир эътибор беринг-а: «Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу – тўй ва азадир, деб айни ҳақиқатни ёзган эди» ёки: «Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишининг кучайишига сабаб бўлмоқда» ёхуд: «Халқимизнинг миллий табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда».

Афсуски, юракка наштардек қадаладиган оғриқли томонларимиз жуда кўп. Бунга эса ягона манба – тўй-тантаналардаги исрофгарчилик, ўзини кўз-кўз қилиш иллати туртки бермоқда.

Хўш, унда масаланинг ижобий ечими қаерда? Қайси йўл ундан  фориғ бўлишга олиб борувчи энг қисқа масофа? Очиғини тан олиб айтиш жоиз, ҳозирча бу саволларга жавоб изланмоқда. Энг муҳими, жамиятнинг илғор кишилари ушбу эзгу иш сари сафарбар этилди. Галдаги вазифа бутун аҳолини ўз ортидан эргаштира олиш. Албатта, бу осон кечмайди. Фақат барчамиз қўлни қўлга бериб, бир-биримизни самимий қабул қилиб, тушуниб иш юритсак, айни муддао бўларди.

Тоҳиржон ИСМАТИЛЛАЕВ,

Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси.