МЕҲР-ОҚИБАТ ВА САХОВАТ АЙЁМИ

Байрам бўсағасида Тепасарой маҳалласида «Орзу» мини маркети иш бошлади.

-Соҳибахон ва Абдулвоҳид Расуловлар оиласи маҳалламиздаги намунали хонадонлардан, -дейди Тепасарой МФЙ раиси Усмонжон Отабоев. -Ўғиллари Равшанбек Расулов якка тартибдаги тадбиркор. Унинг ташаббуси билан иш бошлаган мини маркет аҳоли узоғини яқин, оғирини енгил қилди. Бу ердан озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат моллари, кичкинтойлар учун ўйинчоқлар ҳам харид қилиш мумкин. Яна энг муҳими, тўртта ишчи ўрни яратилди.

29-мактаб ҳовлисига кириб борганимизда бу ердаги кўтаринкилик ҳаммамизни хушнуд этди. Бир ёнда жамалаксоч қизлар миллий либосларда қошларига ўсма қўйиб, кўзларни қувнатишмоқда, бир томонда дошқозонда сумалак, яна бир тарафда варрак учириш, бойчечак айтаётган болалар, саҳнада қадриятларимизни акс эттирувчи кўринишлар, ўқитувчи ҳамда ўғил-қизларнинг фольклор чиқишлари сизни ўзига ром айлайди. 

Туман Кенгаши депутати Зулхумор Каримова бошчилигидаги мактаб жамоаси байрамга пухта тараддуд билан келганлигини унда қатнашган Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, 3-мактаб директори ўринбосари Абдуғаффор Режаббоевлар ҳам эътироф этишди. Фаол фахрий Икромжон Жабборовга «Ташаккурнома» ҳамда эсдалик совғаси топширилди.

1-сонли ихтисослашган давлат мактабгача таълим муассасасидаги ўнта гуруҳда 100 нафар имконияти чекланган бола тарбияланади.

-Бу йилги байрамда ҳар бир бола эътиборимиздан четда қолмади, -дейди муассаса мудираси Назирахон Маҳаммадалиева. -Услубчи Муборакхон Нишонова, мусиқа раҳбари Соҳиба Қозоқова, дефектолог Шоҳиста Насриддинова, тарбиячилар Матлуба Абдуллаева, Муқаддас Каримова, Дилноза Абдуллаева, ёрдамчи тарбиячилар Феруза Шамсиддинова, Хуршида Ёқубжоноваларнинг жонбозликлари туфайли мақсадга эришдик. Ҳар бир гуруҳ учун алоҳида байрам дастурхони ва концерт дастури тайёрланди. Жажжилар бадиий чиқишлари билан ота-оналарини ҳам мамнун этишди.

Муҳаммад АЛИ.