ЭНГ ҚАДИМИЙ БАЙРАМ
Узоқ вақт қиш уйқусида мудраб ётган она табиат баҳор қуёшининг илиқ тафтини қучоқ очиб қарши олди. Нафақат табиат, балки кўкламни, офтоб нурларини, яшил-ликни соғинган элимиз бу йилги баҳорни ўзгача интиқлик билан кутди. Куни кеча қоп-қорайиб турган бодом, ўрик шохлари бирдан гулга буркангани, ариқ ва сой бўйлари ям-яшил ўт-ўланлар билан қопланганини сезмай ҳам қоласиз.
Наврўз – форсча сўз бўлиб, Янги кун деган маънони англатади. 21 мартда айнан бир кеча-кундузнинг роппа-роса 12 соати ёруғ, 12 соати қоронғи бўлади, бу ҳам баҳорги тенг кунлик дейилади. Наврўз тансиҳатлик байрами. Унда таомлар тайёрланади, ҳаммаёқ супуриб-сидирилади, варрак учирилади. Йилнинг бу палласида тайёрланадиган табиий ва тўйимли таомлар қишдан эсон-омон чиқиб олган инсон вужуди учун кони шифодир. Сумалак, халим, кўк сомса ва бошқа тансиқ таомлар шулар сирасига киради.
Бу куни кексалар, ногиронлар, ёлғиз одамлар ҳолидан хабар олинади. Ўтган яхши-ёмон гаплар унутилади. Ҳамма бир-бирига бахт-саодат, соғлик-омонлик, оилаларга файзу барака эл юртга тинчлик-осойишталик тилайди.
Фазилат БОЛТАБОЕВА,
Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

