ДЕКЛАРАЦИЯ ТОПШИРИШНИ УНУТМАНГ

акс ҳолда жарима солинишига сабаб бўлади

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан асосий иш жойидан ташқари даромад олувчи жисмоний шахслар жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жорий йилнинг 1 апрелигача тақдим этишлари лозим.

Агар жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ўзгартириш ҳақидаги ариза жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш муддати тугагунига қадар берилса, солиқ тўловчи Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган жавобгарликдан озод қилинади.

Агар жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ўзгартириш ҳақидаги ариза жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш муддати тугаганидан кейин, бироқ хатолар давлат солиқ хизмати органи томонидан аниқлангунига қадар берилса, солиқ тўловчи солиқнинг етишмаётган суммасини ҳамда унга тегишли пеняни тўлаган тақдирда, жавобгарликдан озод этилади.

Жисмоний шахс давлат солиқ хизмати органининг тақдим этилган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда аниқланган хатолик тўғрисидаги билдиришномасини олган кун давлат солиқ хизмати органи томонидан хатолик аниқланган кун деб ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни акс эттириш Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 174-моддаси учинчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шу сабабли декларация топшириш лозим бўлган жисмоний шахслар ҳисоботнинг якуний санаси – 1 апрелни кутмасдан, ҳозирданоқ яшаш жойларидаги давлат солиқ органларига бориб, жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишлари, ҳисобланган қўшимча солиқларни эса жорий йилнинг 1 июнига қадар тўлаб қўйишлари мақсадга мувофиқ.

Анваржон МЎМИНОВ,

туман ДСИнинг жисмоний шахслар солиқ маъмуриятчилиги бўлими давлат солиқ катта инспектори.