БЕФАРҚЛИК ОРТИДАГИ ФОЖИА

Автоуловни бошқариш – ўта катта масъулиятли иш. Озгина ўқувсизлик ёки бефарқлик ортидан бир қанча балони бошга сотиб олиш ҳеч гапмас. Машинага путур етгани, соғлигингга хавф солингани қолиб, бошқа яна кимнингдир (ҳайдовчи ёки йўловчи) ҳаловатини ўғирлайсан. Энг ёмони, бундай вазият бирор шахснинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлса-чи?

Ҳамюртимиз В.С. билан айнан шундай ҳодиса содир бўлди.

В.С. ёнида ўғли билан бошқарувидаги «Ваз-2106» русумли автомашинасида Уйчи қишлоғидаги АЁҚШга ёқилғи қуйиш учун келади. Ишни битириб, ортга қайтаётганда йўлни кесиб ўтаётган Ғ.Т.ни уриб  юборади. Оғир тан жароҳати олган Ғ.Т. касалхонада вафот этади.

Ҳушёрликни бир оз муддатга бой бериш ана шундай аянчли ҳодисага олиб келди: бир киши бевақт ҳаётдан кўз юмди, иккинчиси қариган чоғда панжара ортига равона бўлди. Шу боис, азизлар, автоулов бошқаришда эътиборсизлик қилмайлик, бир дам бўлса-да, ҳушёрлигимизни йўқотмайлик.

Зокиржон ЁҚУБЖОНОВ,

туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта суриштирувчиси.