ФАОЛЛАРГА ЭҲТИРОМ

Янгиланиш ва яшариш айёми Наврўзи олам олдидан тизимимизда фаолият кўрсатаётган касаба уюшма аъзоларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни соғломлаштириш доимий эътиборимизда бўлиб келмоқда.

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида юз нафар фаолимиз муносиб рағбатлантирилди. Уларни байрам билан туман ХТБ мудири Ҳусниддин Маҳмудов, туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаевалар самимий муборакбод этишди. Бу фидойи аёлларимизга 9 миллион сўмлик совғалар тақдим қилинди.

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИГА ЭЪТИБОР

Маълумки, бир неча йилдан буён давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг эътиборини меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга қаратиш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, иш берувчи томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, шунингдек, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини яхшилаш мақсадида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови ўтказиб келинади. Яқинда ана шу танловнинг туман босқичи якунланди. Унда 14-мактаб (директори Ақидахон Қосимова, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Дилдора Ҳакимова) жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, қимматбаҳо совға билан тақдирланди.

Мирзамаҳмуд ТЎХТАБОЕВ,

таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси.

СПОРТНИНГ ОММАВИЙЛИГИНИ ОШИРИБ…

Мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида спорт билан шуғулланишни кенг тарғиб қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида «Спартакиада – 2018» мусобақаси бўлиб ўтди. Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида уюштирилган мазкур мусобақа қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Маҳмуда Қаҳҳорова бошчилигидаги 1-гуруҳ волейбол бўйича биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, шашкада 22-МТМ мудираси Иноят Қўзиева, шахматда 24-МТМ мудираси Дилором Ҳусанова, дарстда 30-МТМ мудираси Эътибор Ўралова, армрестлингда 29-МТМ мудираси Ҳавасхон Жўрабоеваларга тенг келадигани топилмади. Уларга эсдалик совғалари топширилди.

36-мактабда бўлиб ўтган «Соғлом оила» шиори остидаги мусобақа бир қатор оилавий спортчиларни кашф этди. Ҳудудий босқичларда 36 та оила қатнашди. Якуний босқичда 10 та оила югуриш, акробатика элементлари ва тўпни нишонга отиш, чаққонлик ва мерганлик, моҳир ҳужумчи, қаддимизни ростлаймиз, сакрашни боплаймиз, тезлик, эпчиллик, бир жамоа эстафетаси, арқон тортиш каби шартлар бўйича ўзаро беллашди.

6-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Озодбек Раҳимжоновнинг ота-онаси – Отабек Мамадалиев (Ғайрат педагогика коллежи ўқитувчиси) ва Наргиза Мамадалиева (29-мактаб ўқитувчиси), 29-мактабнинг 1-синф ўқувчиси Марҳабат Абдуллаеванинг ота-онаси – Жаҳонгир Мўминов (29-мактаб ўқитувчиси) ва Умидахон Мўминовалар мусобақанинг вилоят босқичида ҳам ғолибликни қўлга киритдилар.

Муяссар РАҲМАТИЛЛАЕВА,

3-мактаб ўқитувчиси.

Суратларда: байрам тадбири ҳамда мусобақалардан лавҳалар.