ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲУҚУҚЛАР
Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ҳуқуқларини амалга оширишга оид ишларни кўриш бўйича суд амалиётида вужудга келган масалалар ва фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг қарорига асосан Судлар томонидан пенсия таъминотига оид ишларни кўриш бўйича аниқлик киритилди.
Қарорга асосан, Давлат пенсия таъминотига оид ҳуқуқни амалга ошириш билан боғлиқ қуйидаги ишлар судда кўрилиши белгиланди:
-иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврларини белгилаш ҳақидаги;
-иш стажини тасдиқловчи ҳужжатнинг тегишлилик фактини белгилаш ҳақидаги;
-иш ўринларининг аттестация қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилаш ҳақидаги;
-фаолиятнинг суғурта бадаллари тўланган-лигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги асоси бўйича Пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг фаолият даврларини меҳнат стажига қўшишни рад этиш ҳақидаги қарорлари устидан шикоят бериш;
-пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг пенсия тайинлашни рад этиш, пенсияни бир турдан бошқа турга ўтказишни рад этиш, пенсиядан чегирмалар қилиш тўғрисидаги қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги.
Юқоридаги рўйхат тугал ҳисобланмайди ва аризани иш юритувига қабул қилиш масаласини ҳал қилиш вақтида ҳар қандай ҳуқуқ бузилиши суд орқали тикланиши мумкинлигидан, шунингдек, фуқароларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқларининг вужудга келиши, ўзгариши ва бекор бўлиши билан боғлиқ ҳар қандай факт белгиланиши мумкинлигидан келиб чиқиш лозимлиги судларга тушунтирилди.
Бундан ташқари, иш ҳақи миқдори ҳамда суғурта бадали тўланганлиги тегишли ҳужжатлар (штат жадвали, тўлов ведомости, тўлов топшириқномаси ва бошқалар) билан тасдиқланиши сабабли бундай юридик фактларни суд томонидан белгилашга йўл қўйилмаслиги мустаҳкамланди.
Қарорга асосан, Пенсия таъминоти билан боғлиқ ишларни кўришда ҳар бир судга тааллуқли ҳамда улар кўриб чиқиши лозим бўлган ишлар белгилаб қўйилди.
Шунга мувофиқ, судларнинг эътибори шунга қаратилдики, Ўзбекистон Республикаси Фуқа-ролик процессуал кодексининг 31-моддасига мувофиқ юридик фактларни белгилаш ҳақидаги аризалар, шунингдек, пенсия олиш билан боғлиқ ҳуқуқни амалга ошириш ҳақидаги даъво аризалар, фуқаролик ишлари бўйича судларга пенсия жамғармаси органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги)га нисбатан шикоятлар эса маъмурий судларга тааллуқлидир.
Ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда касб касаллигига учраганлиги ёки меҳнатда жабрланганлиги оқибатидаги ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлиги учун, шунингдек, ёшга доир пенсия ёшига тўлгунга қадар Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг давлат Пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни корхона ва ташкилотлардан регресс тартибида ундириш тўғрисидаги даъволар иқтисодий судларга тааллуқлидир, деб белгилаб қўйилди. Бу билан пенсия ёшига етган фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари ҳамда бевосита ўша судга тааллуқли бўлмаган ишлар билан мурожаат қилишларининг олди олинади.
Нуриддин АҲМЕДОВ,
бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бош ҳуқуқшунос маслаҳатчиси.

