ҚИЗҒИН БАҲСЛАР

Халқимизнинг қадимий ва миллий байрами Наврўзи олам олдидан ўқувчи-ёшлар ўртасида спортнинг техник ва амалий турларидан мусобақалар ташкил этиш клубимизда анъанага айланган.
Яқинда мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти туман ўқув спорт техника клубимизда Наврўз байрами шарафига мактаб ва коллеж ўқувчилари ўртасида ҳаво милтиғидан нишонга отиш бўйича туман биринчилиги ўтказилди.
Туман мудофаа ишлари бўлими, туман хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ЁИҲ туман кенгаши, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими ҳамкорлигидаги ушбу турнирда 216 нафар спортчи иштирок этди. Мусобақа якунига кўра қизлар ўртасида Амалия Мурсалимова (6-мактаб), Мадина Бойдедаева (Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи), ўғил болалар ўртасида Аббос Аббосов (6-мактаб), Абдулло Боқижонов (Ғайрат педагогика коллежи), аёллар ва эркаклар ўртасида Маҳлиё Боймирзаева, Ислом Турғунов (Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи) ғолиб деб топилдилар.
ххх
25 февраль куни туман ўқув спорт техника клуби(ЎСТК)мизда ҳаво милтиғидан нишонга отиш бўйича вилоят биринчилиги мусобақаси ҳам қизғин баҳслар остида ўтди. Вилоятимизнинг барча туманларидан ЎСТК секция аъзолари ўзаро баҳсга киришдилар.
Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида МК «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Алаходжаев, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Сатторовлар сўзга чиқиб, спортчи ёшларга самимий тилаклар билдиришди.
Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Наманган автомобиль мактаби жамоаси 1-, вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази 2-, косонсойликлар 3-ўринларни банд этишди. Туманимиз вакилларига 5-ўрин насиб қилди (маълумот учун: бундан бир ой олдин ўтказилган вилоят биринчилигида вакилларимиз 9-ўринда эди). Туман ЎСТК секция аъзоси Амалия Мурсалимова 3-ўринни эгаллади. Ғолиб ва фаол иштирокчиларга фахрий ёрлиқ, медаллар, эсдалик совғалари топширилди.
Исмоил МАВЛОНОВ,
Ўзбекистон МК «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши туман ЎСТК бошлиғи.