ИНГЛИЗ ТИЛИДА ТАДБИР

Мактабимизда Наврўз байрамига бағишлаб инглиз тили фанидан 2-«Д» синфда «Бийрон болажонлар» тадбири бўлиб ўтди. Кечани ўтказишдан мақсад ўқувчиларнинг инглиз тили фани бўйича саводхонлигини намойиш этиш, эгаллаган билимларини янада мустаҳкамлаш, фанга бўлган қизиқишини оширишдир. Тадбир юқори савияда, ноанъанавий усулда, АКТдан самарали фойдаланган ҳолда ташкил қилинди. Синф хонаси байрамона руҳда безатилди. Байрамга фан ўқитувчилари ҳамда ота-оналар таклиф этилди. Ўқувчилар инглиз тилида шеър ва қўшиқларни, «Қизил шапкача», «Шолғом» каби эртакларни талаффуз меъёрларига тўлиқ риоя қилган тарзда айтдилар.

Тадбирда сўзга чиққан мактабимиз директори в.б. Анваржон Бегишев ўқувчиларнинг саводхонлигига юқори баҳо бериб, уни ташкил этган инглиз тили фани ўқитувчилари Сайёра Абдуллажонова, Барчиной Ҳотамоваларга келгуси ишларида муваффақиятлар тилади.

Фарҳоджон ТУРСУНОВ,

6-мактаб директорининг ўринбосари.