ТЎЙБОЛАЛАР ҚУВОНЧИ

30 март куни «Обод қишлоқ» дастури асосида чирой очаётган Мевазор маҳалла фуқаролар йиғинида тўймисан тўй бўлди. Маҳалла аҳлининг Наврўз байрамига Дилмурод Ўринбоев, Мустафо Ботиржоновларнинг хатна тўйига уланиб кетди.

-«Мевазор»даги кўп қаватли уйларимиз бугунгидек файзли ва гавжум бўлмаган, -дейди меҳнат фахрийси Ҳамидахон Нўъмонова. -Бир ёнда дошқозонда сумалак қайнамоқда, бир томонда момоларимиз дуолар қилишмоқда, кўк сомса-ю кўк чучвара, миллий таомларимиз дастурхондан ўрин олган. Ҳамма аҳилликда, бирдамликда байрамни нишонлади. Вилоят, туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳ томонидан маҳалламизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан ғоятда миннатдормиз.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари, 15-мактаб ўқувчилари, 42-МТМ жажжилари, Иҳомжон Бойастанов мураббийлигидаги спортчиларнинг чиқишлари ҳаммани хурсанд қилди.

Йиғилганларни туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев қутлаб, тўйболаларга Халқ банки Уйчи филиалида очилган омонат дафтарчаси ҳамда фаоллардан бир гуруҳига эсдалик совғаларини топширди.

Муаттархон ЗИЯТОВА,

15-мактаб ўқитувчиси.