ЧИРОЙ ОЧАЁТГАН «МЕВАЗОР»

«Мевазор» маҳалласи туманимизнинг чекка ҳудудларидан бирида жойлашган. Бир неча километр овлоқ далалардан ўтиб, етиб борасиз бу жойга. Ўлкамизнинг ҳар бир гўшаси каби «Мевазор»нинг ҳам баҳори, ёзи гўзал. Аммо кеч кузнинг ёмғирли кунлари бошланиши билан маҳалла мунғайиб қолади. Йўлларнинг аталаси чиқиб кетарди. На машинада, на пиёда бамайлихотир юрасан. Маҳалла бутун дунёдан ажралгандек, жунжиккан куйи атрофидаги зах босган далаларга хавотир аралаш маъюс термуларди. Кечалари уйлар деразасида хира милтиллаган нур тун зулматига ҳадиксираб мўраларди. Ушбу хунук манзарада томи ёпилмаган «дом»лар ўзгача хурпайиб турарди. Мана шу қўшқаватли уйларнинг ёмғирдан зиён кўрмаган, азоб чекмаган хонадони қолмаган ҳисоби эди. Ташқарини қоплаган нохуш зах ҳиди ичкарини ҳам тўла эгаллаб олганидан кишиларга қандайдир нохушлик, тушкунликни сингдирарди.

Мана шу ҳолатлар вилоят, туман ҳокимликларининг эътиборидан четда қолмади, албатта. Баҳор бошланмасданоқ «Обод қишлоқ» дастури доирасида ҳудудда кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари авж олдирилди. Шу кунларда «Мевазор»да иш ҳар галгидан-да қизғин. Магистраль йўл орқали 2100 метр масофага тортиб келинган тоза ичимлик суви тармоғини улаш ишлари куни кеча ниҳояланди. Янги тармоқ 1800 киши истиқомат қилувчи 300 та хонадон (100 фоиз)ни тоза ичимлик суви билан тўла таъминлаш имкониятига эга. 72 та хонадондан иборат 4 та қўшқаватли тураржой биносининг том қисмини ёпиш ишлари жадал кетмоқда. Кўчаларга шағал ётқизиш ҳам якунланиш арафасида.

Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига эътибор ўзгача. Ҳар бир хонадондан вакил баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшмоқда. Кимдир кетмон, кимдир белкурак, яна кимдир арра-тешаси билан эрта тонгдан ҳашарга ошиқади.

-Одамларимизнинг мамнун чеҳраси, хуш кайфиятига қараб бажараётган ишингга қўшимча куч-қувват оласан киши, -дейди Мевазор МФЙ раиси Раҳимахон Очилдиева. -Ҳудудимиз инфратузилмасини яхшилаш бўйича қилинаётган ишлар кўламини ҳар бир мевазорлик қалбан ҳис этиб турибди. Шу боис барча маҳалла аҳли номидан ушбу эзгу ишларга бош-қош бўлаётган мутасадди ташкилот ва идораларга миннатдорчилик билдираман.

Ҳудуддаги «Мевазор» қабристонида ҳам ободонлаштириш, тозалов ишлари авжида. Қабристонга кирганимизда бу ерда ҳам маҳалла аҳли, туман ободонлаштириш бошқармасидан етмиш нафар ишчи-ходим енг шимариб, йўлаклар, чор-атрофларни обод, кўркам қилаётган экан.

-Ходимларимиз ушбу қабристонни бир кунда тартибга келтиришди, -дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Султонмаҳмуд Акралов. -Атрофдаги манзарали дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Шунингдек, қабристон ташқарисига 50 туп арча кўчати ўтқаздик.

Абдулҳаким НИШОНОВ.