ШАФФОФЛИК ТАЪМИНЛАНАДИ

2014 йил 3 декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, 4 декабрдан кучга киритилди.

Ушбу Қонун 6 боб, 38 та моддадан иборат бўлиб, давлат органлари ҳамда муассасаларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда унинг ҳуқуқий жиҳатдан янада  такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳужжатдир. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 6 майда қабул қилинган «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунида юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмаган эди. Бу муносабатлар Қонунга 2014 йилда киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар натижасида кенгайтирилди ва «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари» деб номланди.

Қонуннинг 5-моддасида мурожаатларнинг шакллари белгиланган бўлиб, улар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда бўлиши мумкин бўлса, аризалар, таклифлар  ва шикоятлар мурожаатларнинг турлари бўлиб ҳисобланади.

Қонун талабларига кўра, жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси, исми (отасининг исми) яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши ҳамда мурожаатнинг моҳияти баён этилиши лозим. Юридик шахснинг мурожаатида ҳам юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли билан ишлашнинг замонавий ва самарали механизмини йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни сифат жиҳатидан тубдан яхшилаш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида «Халқ давлат идорасига эмас, давлат идоралари халқимизга ҳизмат қилиши керак» деган тамойилни амалда қарор топтириш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг конституциявий манфаатларини ишончли ҳимоялашга хизмат қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, юқорида қайд этилганлардан ташқари, мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари (4-модда) ҳам қонун нормасига киритилди, улар қонунийлик, мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлигидан иборат.

Абдурашид ЖЎРАЕВ,

туман бандликка кўмаклашиш маркази юрист консульти.