Она қишлоғим
Улғайдим бағрингда, она қишлоғим,
Сен учун қўлимда тебрангай қалам.
Яйради, яшнади болалик чоғим,
Безатди қаддингни чаманзор кўклам.
Бағрингдан йироқда бўлган кезларим,
Чорларди ҳар нафас қайноқ қучоғинг.
Ҳар кўчангда бордир босган изларим,
Меҳрингни ичирди чашма булоғинг.
Далангдир бепоён, йўлларинг сўлим,
Деҳқонинг миришкор, тўкин бозоринг.
Кексалар эъзозда, қадрлар элим,
Ёд этиб зиёрат қилар мозоринг.
Сен менга бахт бердинг, топдим ҳаловат,
Сақлайман ардоқлаб шавкатинг, шонинг.
Қосимжон яшайди сен бирла абад,
Жисмимга жойлашди Ёрқўрғон номинг.
Қосимжон ҚОРИЕВ.

