МУТОЛАА ОИЛАДАН БОШЛАНСА…

Бугунги ёшларимизда тарихимиз, миллий анъаналаримиз, қадриятларимизни билим, хилма-хил ахборотларга бўлган эҳтиёжларнинг кучлилиги, жамиятнинг, даврнинг тезкор ривожланишига муносиб, ҳозиржавоб бўлишида кутубхона ва ундаги ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Чунки дунёда бўлаётган барча воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар, кашфиётлар, аввало китобларда, вақтли нашларда ўз аксини топади. Характери, руҳий олами, дунёқараши энди шаклланиб келаётган бола ушбу ахборотларни ўқийди, таҳлил қилади, ўзига сингдиради ва шу асосда билим олади, тарбияланиб боради. Китоб ўқишга бўлган алоҳида масъулиятни ҳис қилади. Бора-бора у инсон учун ота-онадан кейинги энг яқин дўстга айланади. Китоб бизга ҳаётда учрайдиган муаммоларни қандай ҳал қилишни, қийин ҳолатларда тўғри ечим топишни ўргатади.

Бироқ оилаларда тарбиянинг бутун бир тизими яратилганки, уни ҳар бир оила ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қўлласа яхши натижаларга эришиш мумкин.

Бола китоб ўқиш орқали дунёни билиб олади, унинг дунёқараши ўсади, характери шаклланади, ҳаётни ўрганади, билими ошади. Бироқ ҳамма оилалар ҳам болаларнинг китоб ўқишини кўнгилдагидек уюштира оладими?

Албатта, ота-оналар қисман бўлса-да, педагогик билим ҳамда болалар учун ёзилган асарлар билан яхши таниш бўлиши, уларни амалда қўллай олиши зарур.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини ўзи хоҳлагандек тарбиялашга интилади. Бола китобнинг аҳамияти, ундан қандай фойдаланиш, уни қандай асраш ҳақидаги тушунчани ҳам дастлаб ота-онадан ўрганиши лозим.

Ота-оналар фарзандларига дуч келган китобни олиб бераверсалар, боланинг китобга бўлган иштиёқини бўғиб қўядилар. Китоб танлашда, биринчидан, боланинг ёши, психологияси, қизиқиши, дидини ҳисобга олиш, иккинчидан, танланган китобдаги шеър ва бошқа жанрдаги асарлар бола нутқини, сўз бойлигини оширадиган, қизиқарли, таъсирчан савияда, расмларга бой бўлишига эътибор бериш керак.

Ўсмирларда ўқиш маданиятини тарбиялашнинг йўлларидан яна бири ўқилган  китоблар ҳақида суҳбатлашишдир. Суҳбат, одатда, бола китобни мустақил ўқиганидан сўнг олиб борилади. Аввало, китоб ва унинг муаллифи ҳақида маълумот берилади, баъзи тарихий шахсларга тўхталиб ўтилади, географик номлар, жойларга диққат қилинади. Асар мустақил ўқилган бўлса, бола уни қанчалик тушунганини синаб кўрилади. Шу мақсадда у китобдаги қаҳрамонлар ва воқеаларни эслаб қолган-қолмаганини текшириш учун саволлар берилиб, бу саволларга биргаликда жавоблар топилади.

Насиба ТУРСУНОВА.

туман АРМнинг 1-тоифали методисти.