ТАФАККУР – НИҲОЛ, КИТОБ – ОЗУҚА
Инсон онги мисоли бир ниҳол. Унинг парвариши, униб-ўсиши ва мева бериши учун, албатта, нимадандир озиқланиши керак.
Инсон тафаккури учун оби ҳаёт китобдир. Китоб неча асрларки башарият онги, инсон тафаккурининг камол топишига хизмат қилиб келмоқда ва ўйлайманки, бундан кейин ҳам ҳеч қандай техникавий тараққиёт китобни эҳтиёж оламидан чиқариб ташлай олмайди.
Биз хоҳласак-хоҳламасак, бугунги кунда китобхонлик маданияти сезиларли даражада сусайди.
Биз аслида тафаккур ижрочисимиз. Онг нимани буюрса, шуни қиламиз. Лекин ана шу онг бой бе-риб қўйилса-чи? Унда ҳолимиз нима кечади? Унда бизни ким ёки нима бошқаради? Бу бўшлиқ ўрнини, табиийки, нимадир тўлдиради.
Эртага ёт ғоялар, салбий оқимлар, террористик мафкуралар таъсирига тушиб, уларнинг асирига айланиб қолмаймиз, деб ким кафолат беради.
Китоб шахсий фикримизни шакллантирувчи ягона устоздир.
Баъзан китобхонлик маданиятининг сусайишига техниканинг кундан-кунга ўсиб бораётганини сабаб қилгувчилар ҳам оз эмас. Аммо инсондаги китобга бўлган муҳаббат (агар у шунчаки қизиқиш бўлмаса) ҳеч қачон замон танламайди. Бу муҳаббат ҳеч қачон сўнмайди.
Китоб худди зилол сувга ўхшайди менинг назаримда. Унинг ҳар бир сўзи қалбимизга оромбахш булоқ жилғасидек оқиб киради, руҳимизни поклайди, тафаккурни ўстиради.
Илмий китоблар ақлимизга, шеъ-рий китоблар қалбимизга, бадиий китоблар эса фалсафий қарашларимизга қанот бағишлайди.
Тасаввур қилайлик, тоғнинг улуғ бир чўққисига чиқишни мақсад қилдик, аммо йўлни билмаймиз, чўққини забт этишга ожизмиз. Ана шундай пайтда бизга устоз даркор. Ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз, мақсад сари интилишимиз, ўз эътиқодимизни шакллантиришимиз, ҳаёт синовлари олдида иродали бўлишимизда фақат ва фақат китоб ёрдамга келади.
Инсон онгли бўлиб туғилмайди. Унинг асосий ижтимоий фазилати, яъни онги оила ва жамият таъсири туфайли юзага келади. Миллатнинг ўзига хос онги ҳам ана шундай шаклланади.
Дилноза АЗИЗОВА.

