МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ САРИ ЙЎЛ
Ўтган ва жорий ўқув йил мобайнида таълим муассасаларида кутубхоналар тизими тубдан ўзгарди. Турли ёшдаги китобхонлар сони тобора ортиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, китобга бўлган меҳр-муҳаббат, эътибор том маънода юксалди. Бу эса фан ўқитувчиларини янада руҳлантирди. Боиси, дарс жараёнларида бирор бир адибнинг шеърий ёки насрдаги асари билан танишар эканмиз, фақатгина дарсликлардаги берилган парчалар билангина чекланар эдик. Имкон қадар китоб ҳолидаги тўлиқ матни билан ўқувчиларни таништирар эдик. Акс ҳолда, ўқувчилар дарсликларда берилган асардан парчалар билан чекланишарди.
Ҳозирда кутубхонамизга ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан китоблар совға қилиб, китоб фондимизни анчагина бойитиб олдик. Дарс жараёнларида ва ўтказилган маърифий тадбирларда ҳам мазкур китоблардан унумли фойдаланиб, сезиларли, яхши натижаларга эришиб келмоқдамиз.
Мен бугун педагог сифатида шу-ни алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, дарс жараёнларида ўқувчиларнинг ижодий ва мустақил фикрлашлари ўзгарди, уларга китоб мутолааси тарбиявий жиҳатдан ижобий таъсир кўрсатмоқда. Зеро, китобга бўлган муҳаббат ва ҳурмат маънавий камолот сари элтувчи йўлдир.
Шаҳноза ҲАСАНОВА,
23-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

